Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Коммунал соҳа такомиллаштирилмоқда

2016-09-08 | Иқтисодиёт

Пойтахтимиздаги Салар ва Бўзсув аэрация станциялари ускуналари реконструкция ва модернизация қилиниб, энергия тежайдиган замонавий технологиялар жорий этилаётгани нафақат оқова сувни сифатли тозалаш, балки сарфланадиган энергия ҳажмини камайтириш имконини бермоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш, тоза ичимлик суви, иссиқлик энергияси ва газ билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

“Сувсоз” давлат унитар корхонаси вакилларининг маълум қилишича, Тошкент шаҳри сув ва канализация тизимлари ривожланган шаҳарлардан биридир. Оқова сув шаҳардаги 2,5 минг километрлик тармоқ ва коллекторлар орқали чиқарилади. Бу тармоқларда қарийб 100 мингта қудуқ, авария рўй берганда оқова сувни чиқариб юборадиган 30 қурилма ва 39 сунъий иншоот ўрнатилган. Бундан ташқари, кўплаб ташкилот ва корхоналар ўзининг тозалаш иншоотига эга. 

Пойтахтимизда оқова сувни туну кун ҳайдайдиган 13 насос станцияси фаолият юритмоқда. Тўпланган сув аэрация станцияларига келиб тушади ва бу ерда тўлиқ биологик тозаланади. Айни пайтда мазкур станциялар кунига 1,9 куб метр сувни қайта ишлаш имкониятига эга бўлиб, бу пойтахтимиз эҳтиёжини тўлалигича қондиради. Санитария-эпидемиология хизмати оқова сувни тозалаш жараёнини назорат қилиб бормоқда. 

Салар аэрация станцияси кунига 830 минг куб метргача оқова сувни тўлиқ биологик тозалаш ва қайта ишлашга мўлжалланган. Бу ерда сувни механик, биологик тозалаш, чўкмаларга ишлов бериш ва тозаланган оқова сувни зарарсизлантириш ишлари амалга оширилади. Оқова сувни замонавий ва юқори технологиялар ёрдамида тозалаш жараёнида улар зарарсизлантирилиб, фильтрланади ва бу сув ресурсларини тежаш ҳамда атроф-муҳитнинг санитария -эпидемиологик ҳолатини сақлашга ёрдам беради. 

Сув тозалаш иншоотларида оқова сувни фильтрлаш сифатини янада ошириш мақсадида эскирган ускуналар замонавийларига алмаштирилмоқда. Бу оқиб келадиган майда аралашмаларни ушлаб қолиб, сувни тозалаш самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир. Фильтрлаш тизимининг янгиланиши ҳавони тенг тақсимлаб, аэрация самарадорлигини янада оширади. Ҳаво ҳайдайдиган тўртта эски агрегат ўрнига энергия тежайдиган янги агрегатлар ўрнатилиши Салар аэрация станцияси тизимида автоматик равишда бошқариладиган ҳавони узлуксиз етказиш имконини беради. 

Салар аэрация станциясидаги саккиз насос станциясининг эскирган 26 ва Бўзсув аэрация станциясидаги 32 насосни энергия тежайдиган замонавий насослар билан алмаштириш энергия сарфини 10 фоизга камайтиради. 

Масалан, Бектемир туманида саноат корхоналари кўпайиши сабабли тумандаги кунига 20 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга канализация тозалаш иншоотлари модернизация ва реконструкция қилинди. Ушбу иншоотлардаги эски насослар “Грундфос” компаниясида ишлаб чиқарилган энергия тежайдиган насос агрегатлари билан алмаштирилди. 

Амалга оширилган реконструкция ва янгилаш ишларидан сўнг Салар ва Бўзсув аэрация станцияларининг самарадорлиги ва қуввати икки баробар ошди. Коммуникацияларни ривожлантириш ва модернизация қилиш аҳоли ҳаёт даражасини янада ошириш, сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилмоқда. 

Манба: ЎзА

Поделиться