Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
2016-08-31 | Иқтисодиёт
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами кенг нишонланаётган шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманида “Асел-Лаззат” хусусий корхонаси томонидан қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Бу ерга банкдан олинган 90 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди.
– Тўрт хил нон ва саккиз турдаги қандолат маҳсулотлари тайёрлаб, буюртмачиларга етказиб бермоқдамиз, – дейди корхона раҳбари Собир Бийсенов. – Янги лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида ўнга яқин коллеж битирувчиси иш билан таъминланди.
Қорақалпоғистон Республикасини 2016-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 546,5 миллиард сўмлик ва 600 минг долларлик инвестициялар ҳисобига 5 минг 252 лойиҳани амалга ошириш ва шунинг эвазига 27 минг 223 янги иш ўрни яратиш мўлжалланган.
Манба: ЎзА