Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эл-юрт ҳурмати, Ватан ифтихори ва мардлик тимсоллари
2016-08-26 | Жамият
Мамлакатимиз тарихига 28, 29, 30 август саналари зарҳал ҳарфлар билан муҳрланган.
Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1998 йил 28 август куни “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони таъсис этилган. Мамлакатимиз мустақиллиги, иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, бой маънавий меросимиз, тариху маданиятимиз, миллий урф-одатларимизни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган, Ўзбекистонимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга камарбаста бўлган, профессионал маҳорати ва ёрқин истеъдоди билан турли соҳаларда юқори натижаларга эришган юртдошларимиз мазкур орден ва унвон билан тақдирланади.
Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги шон-шуҳрати, нуфузини юксалтириш, муайян соҳаларни ривожлантириш борасидаги катта хизматлари, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, юртимизнинг иқтисодий ва маданий юксалиши, мудофаа қудратини кучайтириш ва миллий хавфсизлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини оширишга катта ҳисса қўшган, ўзининг истеъдоди, билим ва тажрибасини Ватанимиз равнақига бахш этиб, фидойилик намунасини кўрсатиб келаётган фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 1996 йил 29 августда "Буюк хизматлари учун", 2003 йил 29 августда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари таъсис этилган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 1995 йил 30 августда "Меҳнат шуҳрати", "Шон-шараф" орденлари, 2000 йил 30 август куни Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилган. “Меҳнат шуҳрати”, “Шон-шараф” орденлари билан мамлакатимизнинг иқтисодий, маданий юксалиши, халқ фаровонлиги ошиши, тинчлик ва барқарорлик сақланишига ҳисса қўшган, Ватанни ҳимоя қилишда фидойилик, мардлик кўрсатган юртдошларимиз (айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар) мукофотланади.
Жалолиддин Мангуберди ордени билан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар, ҳарбий бўлинмалар, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам тақдирланиши мумкин.
Мазкур орден билан мамлакатимиз мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она юрт тупроғини ҳимоя қилиш ҳамда уни кўз қорачиғидай асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар мукофотланади.
Манба: ЎзА