Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Президентга мактублар” китобининг тўртинчи жилди нашрдан чиқди
2016-08-23 | Жамият
“Маънавият” нашриёти томонидан “Президентга мактублар” китобининг навбатдаги – тўртинчи жилди чоп этилди.
Ушбу китобдан 2013 – 2016 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, таниқли сиёсатчилар, жамоат арбоблари томонидан келган хатлар ва уларга жавоб мактубларидан айрим намуналар ўрин олган.
Мазкур хатларни ўқир экансиз, турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган, ёши, касбу кори, миллати ва дунёқарашига кўра бир-биридан фарқ қиладиган мактуб эгаларининг ўй-фикрлари, орзу-интилишлари нақадар холис ва самимий экани, уларни умумий бир хусусият – она Ватанимизга, халқимизга, Президентимизга меҳр ва ишонч бирлаштириб турганини яққол ҳис қиласиз.
Ватанимизнинг турли ҳудудларидан Юртбошимиз номига юборилган хатлар Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт манзарасини, барча соҳа ва тармоқларда эришаётган ютуқ ва марраларимизнинг миқёси ва кўлами, уларнинг юртдошларимиз ҳаётига кўрсатаётган ижобий таъсирини бамисоли ёрқин кўзгудек намоён этиши билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган замоннинг ўзи шуни кўрсатмоқдаки, одамларимиз аввало ўзига, оиласига бевосита дахлдор бўлган воқеа-ҳодисалардан, ўзгаришлардан тўғри хулоса чиқариб, бу жараёнда ўзининг ўрни ва таъсири қандай эканини тушуниб, англаб, ҳаётга, келажакка катта ишонч билан яшамоқда. Айни мана шу хусусият барча мактубларнинг бош ғояси, бош мавзуси, десак, хато бўлмайди.
Ушбу хатларнинг асосий қисмида кўрсатилган меҳр-оқибат ва яхшилик, эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимизга, халқимизга, Президентимизга самимий миннатдорлик туйғулари ифода этилган. Бу бежиз эмас. Нега деганда, халқимиз доимо яхшиликка интилиб, яхшиликни қадрлаб яшайди.
Мухтасар айтганда, бу хатлар юртдошларимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури ўзгариб, уларнинг гражданлик позицияси тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Бу айни пайтда халқимиз ижтимоий кайфиятининг муҳим устувор кўрсаткичидир.
Манба: ЎзА