Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг оралиқ мажлиси бўлиб ўтди
2023-08-30 | Иқтисодиёт
Тадбир доирасида Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди ҳамда XИK Ишчи гуруҳининг мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи инвесторлар билан ўтказган учрашувларида билдирилган масала ва таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, жаҳон бозорларида рўй бераётган инвестициявий тенденциялар ва асосий йўналишлар муҳокама қилинди ҳамда Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитни яхшилаш борасидаги комплекс саъй-ҳаракатларига баҳо берилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алкис Дракинос, Халқаро молия корпорацияси (IFC), PwC Uzbekistan вакиллари ва бошқа спикерлар сўзга чиқдилар.
Лазиз Кудратов ўзининг қутлов сўзида Ўзбекистон инвестиция муҳитини изчил яхшилаш, тизимли таҳлил натижалари асосида инвесторлар учун янги имтиёз ва преференцияларни жорий қилиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш, жамиятда инвестор ва тадбиркорларнинг манфаатлари юқори даражада ҳурмат қилинадиган ўзаро муносабатлар маданиятини шакллантиришга қатъий интилаётганини таъкидлади. Кўпгина ривожланаётган мамлакатларда инвестициялар дефицити ортиб бораётган бир вақтда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти, инвестициявий муҳити ва илғор савдо сиёсати мамлакатимизнинг истиқболли сармоядорлар учун жозибадор йўналиш сифатидаги мақомини янада оширди.
Шу билан бирга, иштирокчилар эътибори Ўзбекистоннинг инвестиция қонунчилигини қайта кўриб чиқиш, хусусийлаштириш жараёнларини фаоллаштириш, давлат-хусусий шерикликни рағбатлантириш ва яшил иқтисодиёт ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларига қаратилди.
Шунингдек, Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича ишлар фаоллашгани ва бу ҳам жаҳон стандартлари ва халқаро ҳамкорлик этикасига содиқликнинг рамзи эканлиги қайд этилди. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлиги, савдо имтиёзларининг фаол жорий этилаётгани унинг диверсификациялашган ва барқарор иқтисодий концепцияни ҳаётга татбиқ этаётган мамлакат сифатида тан олинишига ҳисса қўшмоқда.
Сессия давомида «Инвестициялар тўғрисида»ги қонуннинг амалий жиҳатлари, солиқ маъмурчилигидаги ижобий янгиликлар, инвесторлар билан ишлаш бўйича «Ягона электрон дарча» платформасини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди ҳамда «Тошкент» халқаро молия маркази лойиҳаси тақдим этилди.
Тадбир якунида Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича тизимли таклифларни ўз ичига олган Инвесторлар кенгашининг Оралиқ мажлиси Баённомаси имзоланди. Бундан ташқари, миллий қонунчиликни такомиллаштиришда техник ва маслаҳат ёрдамини кўрсатишга қаратилган Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги Битим қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги