Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида бўлди
2023-08-08 | Таълим
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов эрта тонгдан «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида бўлиб, тест синовлари жараёнларини кузатди ва абитуриентлар учун яратилган шароитлар, ота-оналар учун ажратилган кутиш жойларини кўздан кечирди.

Имтиҳон топшираётган абитуриентларнинг яқинлари учун ташкил этилган кутиш жойида вазир ота-оналар билан суҳбатлашиб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар учун берилаётган кенг имконият ва имтиёзлар тўғрисида сўзлаб берди.
Суҳбат давомида кузатувчилар мажмуада салқин жойлар, фарзандларини имтиҳон жараёнида онлайн кузатиб боришлари учун катта мониторлар ўрнатилгани ва волонтёрлар хизматидан мамнунликларини билдиришди.
Вазир ёш фарзанди билан келган кузатувчиларнинг болалари учун алоҳида ўйингоҳ ташкил қилиш юзасидан масъулларга кўрсатма берди. Бу борада Тошкент давлат педагогика университети тажрибасидан фойдаланиш тавсия этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги