Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазир янги ташкил этилаётган IT-Парк Фарғона филиали биноси қурилиш ишлари билан танишди
2023-07-31 | Жамият
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Фарғона вилоятига ташрифи доирасида «Ўзбектелеком» АКга қарашли Фарғона шаҳрида жойлашган 225-сон алоқа уйи биносининг 4-қаватли майдонда ташкил этилиши режалаштирилган IT-Парк Фарғона филиали мажмуасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишди.

IT-Парк Фарғона филиали мажмуаси ўзида 6 та конференция зали, 80 ўринли ётоқхона, 21 та турли ҳажмдаги офис ва иш жойлари учун хоналар, 2 та ошхона ва 1 та буфет, 180 кишилик ўқув аудитория, 10 та катта ва кичик ҳажмли ўқув хоналари, электрон ва анъанавий ахборот ресурс маркази, коворкинг хонаси, кичик ҳажмли фитнес зали ва электрон қурилмалар савдо дўконларини қамраб олади.
Лойиҳа Фарғона вилоятини Ўзбекистонда IT-Хабга айлантириш, IT-соҳасида таълим олаётган ёшлар учун шарт-шароитлар яратиш, IT компаниялар ва фрилансерларга офис ҳамда иш жойларини ташкил этиш, шунингдек хориждаги IT компанияларни ҳамкорликда ишлашга жалб қилиш мақсадлари учун хизмат қилади.
Вазир Ш. Шерматов IT Парк Фарғона филиали мажмуаси қурилиш-таъмирлаш ишлари замон талаблари асосида бажарилиши ҳамда кейинчалик ушбу мажмуада хориждаги йирик IT компанияларни офисларини ташкил этиш борасида масъулларга вазифа ҳамда топшириқлар бериб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги