Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Талабанинг универсал банк картаси» тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади
2023-07-21 | Технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ–76-сон Фармонига мувофиқ «Талабанинг универсал банк картаси» тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг 20 июль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири И.Абдураҳмонов Акциядорлик тижорат «Алоқабанк» Бошқарув раиси К.Ирисбекова билан учрашди.

Учрашувда, «Талабанинг универсал банк картаси» лойиҳасининг асосий мақсад ва вазифалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида, талабалар банк картасидан гувоҳнома сифатида фойдаланиши, шунингдек, ётоқхоналар, кутубхоналар, спорт мажмуаларига кириш, онлайн микроқарзларни расмийлаштириш, омонатлар ва электрон ҳамёнлар очиш, пул ўтказмаларини амалга ошириш, шунингдек халқаро тўлов тизимлари билан интеграция қилиш ва масофавий банк хизматларининг барча турларидан фойдаланишлари учун имкониятлар яратишга келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар ўртасида «Талабанинг универсал банк картаси» тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш юзасидан қўшма қарор имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги