Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро конференция қизғин ўтди
2023-07-07 | Иқтисодиёт
«Барқарор ривожланиш мақсадлари: озиқ овқат хавфсизлиги ва сув таъминоти» халқаро конференцияси долзарб ва қизиқарли чиқишларга бой бўлди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов кириш сўзи билан очиб берар экан, мамлакат барқарор ривожланишида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларининг салмоқли ўрин тутиши ҳақида тўхталди.
Бугун глобал миқёсда кечаётган табиий-иқлим жараёнларида озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар қачонгидан ҳам кўра муҳимроқ ўрин тутмоқда. Сув ресурсларининг қисқариши, сувга талабнинг ўсиб бориши қишлоқ хўжалигида тегишли чора-тадбирларни кўришни, сув тежамкор технологияларни кенг татбиқ этишни тақозо қилмоқда. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида давр чақириқларига муносиб жавоб берган ҳолда, пухта ўйланган аграр ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бугунги халқаро конференция Ўзбекистонда бу борада амалга оширилаётган ишлар билан жаҳон ҳамжамиятини таништириш учун қулай имконият бўлди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Умид Мамадаминов:
— Бугунги тадбирда энг долзарб икки масала – озиқ-овқат хавфсизлиги ва сувни тежаш бўйича баҳс-мунозаралар ўтказилмоқда. Унда чет элдан йирик компаниялар вакиллари, малакали мутахассислар қатнашмоқда. Зеро озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунёда долзарб масала бўлиб турибди. Озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосининг бир қанча омиллари бор. Биргина ўғитлар масаласини олсак, кейинги йилларда ўғитлар нархи сезиларли ошди ва бу озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашувига олиб келмоқда. Тадбирда хорижий мутахассислар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ўз қарашларини ифодалашди. Ўзбекистон томони ҳам арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ўз стратегиясини ишлаб чиққан, бугунги тадбир қатнашчилари ушбу стратегия билан яқиндан танишдилар.
Тадбирда қатнашаётган кўзга кўринган халқаро экспертлар, хорижий мутахассислар, илм-фан, бизнес ва кенг жамоатчилик вакилларидан иборат чет эл меҳмонлари Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ишларни қизиқиш билан ўргандилар.
Чунончи, «Swiss NeWater Holding» компанияси асосчиси (Швейцария) Клод Бегл бу борадаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:
— Мен Ўзбекистон турли соҳаларда, жумладан қишлоқ хўжалиги йўналишида ривожланиб бораётганини қизиқиш билан кузатаман. «Swiss NeWater Holding» компанияси БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларида кўзда тутилган вазифаларни бажариш йўлида, бутун дунё аҳолиси учун янада хавфсиз ва яхшироқ ҳаётни таъминлашга хизмат қилишга интилади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, бу йўлда илғор тозалаш технологияларини татбиқ қилиш, кенг кўламдаги ишлаб чиқаришлар учун умумий механизмларни тақдим этиш борасида биз ҳамкорликка тайёрмиз.
Конференцияда «Янги Ўзбекистонда 2030 йилгача қишлоқ хўжалигининг ривожланиш стратегияси: имкониятлар ва истиқболлар» йўналишида хорижий мутахассислар – Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Ведат Мирмаҳмудогуллари, Венгрия Картошкачилик илмий маркази директори Сзолт Полгар ҳам маъруза билан чиқиш қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, «Барқарор ривожланиш мақсадлари: озиқ овқат хавфсизлиги ва сув таъминоти» халқаро конференцияси «Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида ташкил этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги