Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Лудгер Шукнехт: «Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалардан катта таассурот олдим»
2023-07-06 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида банк вице-президенти Лудгер Шукнехтни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18-19 май кунлари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан учрашиб, «Марказий Осиё - Хитой» биринчи саммитида иштирок этганлиги, олий даражадаги икки томонлама музокаралар доирасида бир қатор келишувларга эришилганлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув кун тартибидан мазкур келишувларни самарали амалга ошириш масалалари ўрин олди.
Лудгер Шукнехт-Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти
“Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалардан катта таассурот олдим. Бундай ривожланиш суръатлари Ўзбекистонни минтақадаги кучли мамлакатга айлантирмоқда», — дея таъкидлади Л. Шукнехт.
Учрашув давомида Банк томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг транспорт, энергетика ва сув хўжалиги каби муҳим тармоқлари қўллаб-қувватланаётгани ҳамда амалдаги қўшма лойиҳалар ҳажми 2 млрд. АҚШ долларидан ошгани таъкидланди.
Якунда томонлар ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, «яшил» ва ижтимоий инфратузилма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Маълумот учун: Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки фаолиятининг асосий мақсади минтақада ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантиришга қаратилган. Мазкур ташкилот 2014 йил 24 октябрда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Пекинда жойлашган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги