Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
2023-06-27 | Иқтисодиёт
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Саудия Арабистони Подшоҳлиги (САП) инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан видеоконференция тарзида музокара ўтказди.
Томонлар инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Энергетика, кимё саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, инфратузилмавий ривожланиш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Саудия тараққиёт жамғармаси кўмагида энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим, сув, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида бир қатор дастурларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган эди.
Суҳбат чоғида мамлакатимизда «яшил» водородни ривожлантириш соҳасидаги истиқболли лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва янги ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги