Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
JICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг янги раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
2023-06-26 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари этиб тайинланган Ёшибуми Бито билан учрашув ўтказди.
Томонлар умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 11 та лойиҳани ўз ичига олган JICAнинг Ўзбекистон Республикасидаги жорий инвестиция портфели ўсишининг ижобий динамикасини мамнуният билан қайд этдилар. Лойиҳалар энергетика, инфратузилмавий ривожланиш, қишлоқ хўжалиги, таълим ва тиббиёт каби соҳаларда амалга оширилмоқда.
Лазиз Кудратов хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш, тармоқлар ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини рўёбга чиқариш, ички ва халқаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, шунингдек, мамлакат энергетика секторини ривожлантиришга қаратилган Янги Ўзбекистонни стратегик ривожланиш мақсадларини амалга оширишда JICAнинг фаол иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар қўшма лойиҳаларни сифатли амалга ошириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантиришга қаратилган яқиндан ҳамкорлик қилишни давом эттиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги