Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Lasselsberger Group Ўзбекистонда учта инвестиция лойиҳасини амалга оширади
2023-06-23 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов «Lasselsberger Group» компанияси бош директори Йозеф Ласселсбергер билан учрашув ўтказди.
Маълумот учун: 1957 йилда ташкил этилган «Lasselsberger Group» қурилиш материаллари, керамика ва минераллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бугунги кунда у 26 мамлакатда 30 та ишлаб чиқариш заводига эга. Йиллик айланмаси - 20 миллиард доллар.
Йозеф Ласселсбергер мамлакатимиз билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади: – «Сўнгги пайтларда биз Ўзбекистон раҳбариятининг хорижий сармоядорларга кўрсатилаётган алоҳида қўллаб-қувватлашини ҳис қилмоқдамиз», – деди у.
Учрашувда Қашқадарё вилоятида микрокалсит ва Самарқанд вилоятида катта форматли керамогранит маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар лойиҳа ташаббусларини амалда ҳаётга татбиқ этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги