Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АҚШ компанияси EPAM Systems раҳбари Аркадий Добкин билан маҳаллий кадрларни дунё бозори талаблари асосида тайёрлаш ҳамда Ўзбекистондаги бўлинмаси фаолиятини янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
2023-06-13 | Технологиялар
12 июнь куни Рақамли технологиялар вазири Ш. Шерматов ва «EPAM Systems» компанияси асосчиси, президенти ва директорлар кенгаши раиси Аркадий Добкин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистонда малакали IT-кадрлар тайёрлаш ва истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, шунингдек, IT соҳасида янги иш ўринларини яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда Аркадий Добкин IТ-компаниялар учун мамлакатимизда яратилган шароитларни алоҳида эътироф этди.
Ўз навбатида, Рақамли технологийлар вазири Ш.Шерматов «EPAM Systems» компаниясини Ўзбекистонда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Аркадий Добкин, шунингдек, яқин бир неча йил ичида EPAM тизимларини Ўзбекистонда кенг миқёсда ривожлантириш ниятида эканлигини, айрим мамлакатларда компаниянинг тўлиқ ривожланиши учун бир неча 10 йил сарфланганини, Ўзбекистонда эса бу фаолиятни 3-5 йил ичида амалга оширишмумкинлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш учун зарур шароитларни яратиш, IТ-бизнесни юритиш, шунингдек, соҳада инвестицион лойиҳаларни янада кенгайтириш мақсадида ҳамкорлик қилиш истиқболлари ҳаммуҳокама қилинди.
Маълумот учун:
Американинг «EPAM Systems» компанияси 1993 йилда асос солинган. «EPAM Systems» дастурий таъминот ишлаб чиқарди, тизимларни марказлаштиради, рақамли ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқади ва лабораториялар ташкил қилади. “Amazon”, “Google”, “IBM”, “Microsoft”, “Oracle” каби йирик ҳамкор компанияларга эга. «SAP» компанияси эса унинг мижози ҳисобланади.
Бош қароргоҳи АҚШнинг Пенсилвания штатидаги Нютаун шаҳрида жойлашган «EPAM Systems» компанияси 2019 йил 18 февралда Ўзбекистонда ўз филиалини очиб, IТ Парк резиденти бўлган.
Дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатида бўлинмалари фаолият олиб борувчи ушбу компания бугунги кунда Европанинг турли давлатларига ўз хизматларини экспорт қилувчи Ўзбекистондаги етакчи IТ-экспорт компанияларидан бири бўлиб, унда 700 нафардан ортиқ ходим ишлайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги