Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«S&P» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини «BB-” (барқарор кутилма) даражасида ўзгаришсиз қолдирди
2023-06-12 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 5 июнь кунида эълон қилинган «S&P» халқаро рейтинг агентлигининг Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтингига бағишланган навбатдаги ҳисоботида республика рейтинг баҳоси «BB-” (барқарор кутилма) даражада ўзгаришсиз қолганлиги қайд этилган.
«S&P» халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини йилда икки марта қайта баҳолайди ва баҳолаш жараёнида вазирлик ва идоралар билан республикадаги макроиқтисодий ҳолат ва амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича батафсил муҳокама қилади.
2023 йил бошидан агентлик томонидан 9 та мамлакатнинг рейтинг баҳоси ёки рейтинг кутилмаси пасайтирилган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон кредит рейтинги бўйича «барқарор» кутилманинг сақлаб қолиниши нисбатан мустаҳкам фискал ва ташқи захираларининг мавжудлиги туфайли республика иқтисодиёти келгуси 12 ой давомида ташқи шоклар ҳамда глобал иқтисодиёт секинлашишининг қўшимча салбий таъсирларини камайтириш имкониятига эгалигини акс эттиради.
Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда ҳукумат ликвид активлари ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 18,5 фоизни, фойдаланиладиган халқаро захиралар ЯИМга нисбатан 30,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатнинг соф ташқи кредитор позисияси ва соф давлат қарзи юкининг мўътадиллиги республика кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллар сифатида келтирилган.
Ҳисоботда ташқи шокларнинг таъсирига қарамай Ўзбекистон ислоҳотлар дастурини амалга оширишда давом этаёгани ва иқтисодий ўсиш суръатлари барқарор даражада сақланиб қолаётгани қайд этилган.
Агентликнинг прогнозига кўра, 2023-2026 йилларда инвестиция ва иқтисодий (шунингдек, давлат корхоналари сектори) ислоҳотлар ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши ўртача 5,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Хусусан, ташқи савдо ва иқтисодиётнинг истеъмол даражаси иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери бўлиб хизмат қилиши ҳамда хусусий секторни ривожлантириш ва бизнес муҳитни яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатлар ўсишни қўллаб-қувватлаши ва ташқи шоклар таъсирини камайтириши келтирилган.
Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 2023 йилда 2 400 АҚШ долларини ташкил этиши прогноз қилинган.
«S&P» халқаро рейтинг агентлиги 2017 йилдан буён ҳукумат ислоҳотлар ва иқтисодий модернизация бўйича ўз олдига қўйган мақсадларида сезиларли равишда илдамлаганини қайд этган.
Бунда, хусусийлаштириш (шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ерларни хусусийлаштириш) тўғрисидаги янги қонуннинг қабул қилингани, иқтисодий ва фискал маълумотлар очиқлигининг яхшилангани, савдо ва валюта курси либерализацияси, пахта учун давлат буюртмаларини бекор қилингани, буғдой нархи либерализацияси, хусусий мулк тушунчаси кенгайтирилгани агентлик томонидан алоҳида эътироф этилиб, электр энергия ва газ тарифларини янада кенгроқ ислоҳ қилиниши кутилаётгани таъкидланган.
Ҳисоботда «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонунда давлат қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоизлик юқори чегараси, янги жалб қилинадиган давлат қарзига йиллик лимитлар ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига лимитларнинг белгиланиши эътироф этилган. Шунингдек, ҳозирда давлат қарзи мўътадил даражада эканлиги, ички манбалардан молиялаштириш ошгани ва давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантиришда амалга оширилаётган ислоҳотлар келтирилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг монетар сиёсати самарадорлиги кейинги йилларда ривожланиш тенденциясида эканлиги ва бу борадаги энг муҳим ислоҳотлардан бири сифатида валюта курси либерализасияси эътироф этилган.
«S&P» рейтинг агентлиги ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистоннинг глобал иқтисодиётга интеграциялашуви ва иқтисодий ислоҳотлар натижасида иқтисодий ўсиш салоҳиятининг яхшиланиши ва экспорт тушумларининг диверсификацияси ҳамда буджет даромадларининг ошиши республика кредит рейтингини оширувчи омил бўлиши мумкин.
Республика кредит рейтингини пасайтирувчи омиллар сифатида қуйидагилар қайд этилган:
- ташқи шокларнинг салбий таъсири натижасида агентлик кутилмаларига нисбатан Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи захиралари заифлашса;
- давлат ва молия сектори ташқи қарзларининг ўсиш суръати агентлик кутилмаларига нисбатан кескин ошса;
- йирик давлат корхоналари молиявий ҳолатининг заифлашуви натижасида давлат шартли мажбуриятлари амалга ошса (яъни, ҳукумат давлат корхоналарининг қарзларини тўлашни бошласа).
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги