Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Азиз Абдуҳакимов Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қошида Ёшлар экологик кенгашини ташкил этишни таклиф қилди
2023-06-02 | Экология
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили, нодавлат нотижорат ташкилотлари, БМТ тизими вакиллари билан ёшлар ўртасида самарали мулоқот бўлиб ўтди.
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида ўтказилган тадбирда болалар ва ёшлар – экокўнгиллилар, U-Report кўнгиллилари, UPSHIFT ижтимоий инновацион дастури, UniSat STEM таълим дастури иштирокчилари иштирок этишди. Шунингдек, республикамизнинг барча ҳудудларидан 100 га яқин болалар ва ёшлар онлайн тарзда қатнашдилар.
«Инсон табиат, атроф-муҳит билан узвий боғлиқ ҳисобланади. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги UNICEF билан мамлакатда иқлим барқарорлигига эришиш, шунингдек, болалар ва ёшларни барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгариши кун тартибига фаол жалб этиш йўлида ҳамкорлик қилмоқда, — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. — Бунда биз болалар ва ёшлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг иштирокига алоҳида эътибор қаратамиз».
А.Абдуҳакимов, шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қошида Ёшлар экологик кенгашини ташкил этишни таклиф қилди.
UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде эса иқлим инқирозини бартараф этишда ёшларнинг ўрни муҳим эканлигини қайд этди.
«Иқлим инқирози болаларни соғлом ва бахтли улғайиш имкониятидан маҳрум қилади. У оғир касалликларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун яшашга яроқли сайёрани сақлаб қолишда ёшларнинг ролини ошириш керак», — дея таъкидлади Мамедзаде.
Мулоқот давомида иқлим ўзгариши билан боғлиқ бугунги вазият ва бу борада кўриладиган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Ёшлар табиий офатларга тайёргарлик кўриш, атроф-муҳитнинг таназзулга учраши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, ҳавонинг ифлосланиши, муқобил энергия манбалари каби масалалар ҳақида фикр билдириб, муаммоларни ҳал этишнинг аниқ йўлларини таклиф этдилар.
Тадбирда, шунингдек, вилоятлардан онлайн тарзда иштирок этган ёшлар иқлим ўзгариши шароитида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоавий масъулият ва мажбуриятни бажариш муҳимлигини таъкидладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги