Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклиги мустаҳкамланмоқда
2023-06-02 | Сиёсат
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов мамлакатимизга ташриф билан келган Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Пак Чин билан учрашди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, икки ва кўп томонлама шаклда сиёсий, дипломатик ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболи юзасидан фикр алмашдилар.
Жаноб Пак Чин Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсат соҳасидаги муваффақиятини юқори баҳолади. Жанубий Корея алоҳида стратегик ҳамкор сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳот, ўзгаришлар йўналишини қатъий ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
Савдо-иқтисодий алоқани фаоллаштириш, жумладан товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни Жанубий Корея бозорига етказиб беришни кенгайтириш, транспорт инфратузилмаси, логистика, “яшил” иқтисодиёт ва бошқа саноат тармоқларини ривожлантиришга Жанубий Корея сармояси, юқори технологияларини жалб этиш бўйича янги имкониятлар кўриб чиқилди.
Мулоқотда соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва туризм соҳаларида янги йирик лойиҳалар амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Музокара якунида ташқи ишлар вазирлари иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро ҳадли битимни имзоладилар. Жанубий Корея делегацияси ташрифи чоғида электрон парламентни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўрмон хўжалиги, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаларида шерикликни ривожлантиришга қаратилган идоралараро ҳужжатлар ҳам имзоланди.
Саидмурод Раҳимов,
Муҳаммад Амин (сурат)
Манба: ЎзА