Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жамшид Қўчқоров ШҲТ қўмита раиси билан учрашди
2023-05-29 | ШҲТ
Бугун Хитойнинг Яньлин шаҳрида дунёнинг қирқдан зиёд мамлакатларидан келган давлат арбоблари, таниқли компания эгалари, олимлар иштирокида камбағалликни қисқартириш масаласига бағишланган форум бўлиб ўтмоқда.
Мулоқот чоғида Шэн Юэюэ Ўзбекистон Президентининг Хитойга давлат ташрифи ва “Хитой – Марказий Осиё” саммитидаги иштироки чоғида ўзаро ҳамкорлик борасида билдирган фикрлари ҳамда муносабатларни мустаҳкамлаш юзасидан киритган таклифларини юқори баҳолади.
–Ўзбекистон Марказий Осиёнинг етакчи давлатигина эмас, самимий дўст сифатида ҳурматга муносибдир. Мен бу қадим юртда рўй бераётган ислоҳотларни мамнунлик билан кузатиб боряпман, – деди у. – Биз ижтимоий соҳаларда ҳам ҳамкорлик, ўзаро тажриба алмашишни ривожлантиришимиз лозим.
Икки мамлакат иқтисодий муносабатларига тўхталар экан Жамшид Қўчқоров Хитой – Ўзбекистон товар айланмаси ташқи алоқаларда энг юқори ўринга чиққанини таъкидлади ва бундай натижага давлатимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин имзолаган шартномалар, белгилаб берган дастурлар туфайлидир, деди.
–Биз яқинда Хитойнинг учта провинциясида бўлиб, камбағалликни қисқартириш тажрибаси билан танишдик. У келгусида биз қўллашимиз учун тайёр лойиҳа бўляпти, – деди Бош вазир ўринбосари. – Сиз таъкидлаганингиздек, ижтимоий, маданий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан Ўзбекистон ҳам манфаатдордир.
Учрашув чоғида икки мамлакат муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Муҳаммаджон Обидов,
Хитой, Яньлин шаҳри.
Манба: ЎзА