Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик йиғилиши бошланди
2023-05-16 | Иқтисодиёт
Бугун, 16 май куни Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 32 йиллик Йиғилиши ўз ишини бошлади. Бу йилги мавзу (Investing in Resilience) «Барқарорлик учун сармоя киритиш», деб номланди.
Уч кун ичида Самарқанд 73 та давлатдан 2000 дан ортиқ меҳмонни қабул қилади. Улар орасида хорижий ҳукуматлар вакиллари, трансмиллий корпорациялар раҳбарлари, халқаро молия институтлари ва банклари раҳбарлари, иқтисодиёт, инвестициялар, молия ва технологиялар соҳасидаги таниқли экспертлар, жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари бор.
Йиғилиш доирасида 50 дан ортиқ панель муҳокамалари, ҳамкорлик сессиялари, юқори даражадаги тадбирлар, матбуот анжуманлари, Банкнинг институционал тадбирлари ва бошқа ивентлар ўтказилади. Халқаро савдо, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, бозорларни кенгайтириш учун рақамлаштиришнинг аҳамияти, ЕТТБнинг «Яшил шаҳарлар» дастурини амалга ошириш, минтақавий иқтисодиёт истиқболлари - муҳокама қилинадиган масалалар қаторидадир.
Тадбир доирасида бизнес-форум, бир қатор инвестиция битимлари ва шартномалари имзоланади. Биринчи куннинг ўзидаёқ «Ўзсаноатқурилишбанк» ва ЕТТБ ўртасида молиялаштириш линиясини жалб қилиш бўйича Битим, ЕТТБ ва Mastercard инклюзив ўсиш маркази ўртасида Меморандум, шунингдек, ЕТТБ ва ACWA Power ўртасида имзолаш маросими режалаштирилган.
Бу ҳали бошланиши. Маърузачилар таъкидлаганидек, тасдиқланиши режалаштирилган ҳужжатлар аҳамияти, шунингдек, юқори даражадаги меҳмонларнинг тадбирда иштирок этиши халқаро ҳукумат ва сармоявий доираларнинг Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган муваффақиятли институционал ислоҳотлар ва ўзгаришларга бўлган ишончининг ошишидан, мамлакатимизни кўпроқ ўрганиш ва унга яқин бўлиш истагидан далолар беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги