Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
БМТ бош қароргоҳида Азиз Абдуҳакимов ва БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий кенгаши президенти Лачезара Стоева ўртасида учрашув бўлиб ўтди
2023-05-12 | Экология
Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти иқтисодий ва ижтимоий Кенгаши (EKOSOC) Президенти Лачезара Стоева билан учрашди.
Учрашувда БМТ Кенгаши Президентига давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қарорлар қабул қилишда фаол фуқаролик жамияти ривожлантирилаётганлиги, гендер тенглик таъминланаётганлиги ва ёшларга кенг имкониятлар яратилаётганлиги борасида маълумот берилди. Таъкидлаш жоизки, гендер тенглик ва давлат бошқарувига ёшларни жалб қилиш БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига (2030 йил) эришишда устувор йўналиш ҳисобланади.
Ўз навбатида Стоева хоним Марказий Осиё давлатларининг ижтимоий, экологик ва иқлим муаммоларини биргаликда ҳал этиш, шу орқали халқаро майдонда минтақавий яхлитликка интилишларини қўллаб-қувватлади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг EKOSOC Фан ва технологияларни ривожлантириш комиссиясига аъзо этиб сайлангани ҳам мамлакат, ҳам бутун минтақа ташаббусларини илгари суриш учун яхши имконият бўлиши таъкидланди.
Учрашувда, шунингдек, ижтимоий, экологик ва иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш учун Марказий Осиё экологик тадқиқотлар ва иқлим ўзгариши университетининг очилиши ҳам алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бирга, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида Стоева хоним Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг учта йирик тадбири – чўлланиш бўйича глобал тадбир (UNCCD CRIC-21), Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир Конвенциясининг 14-Томонлар конференцияси (CMS COP-14) ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессиясига таклиф этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги