Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги 2 та чегара пости фаолияти тикланиши мумкин

2023-04-26 | Иқтисодиёт

Сув хўжалиги бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссияси йиғилишида “Таллимаржон-Таллымерджен” ва “Дружба-Газоджак” чегара постлари фаолиятини қайта тиклаш масаласи муҳокама қилинди.

Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари А.Язмурадов бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи давомида сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг учинчи йиғилиши ўтказилди.

— Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон давлат раҳбарларининг юксак саъй-ҳаракатлари эвазига азалий ришталар, қардошлик алоқалари янада ривожланиб, муносабатларимиз сифат жиҳатдан янги босқичга – стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, қўшма комиссиянинг Ўзбекистон томони раиси Ш. Ғаниев.

Ўз навбатида, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари А.Язмурадов ҳам икки давлат раҳбарининг оқилона ва узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш борасидаги ҳамкорлик, дўстлик, яхши қўшничилик тобора мустаҳкамланаётганини эътироф этди.

Бугунги кунда мамлакатларимиз сув масалалари бўйича алоқаларни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясида, сувдан фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар доирасида изчил ривожлантирмоқда. Охирги йилларда ўзаро ҳамкорлик ва эришилаётган келишувлар натижасида Амударё ҳавзасида сув таъминоти даражасини яхшилаш бўйича ижобий натижаларга эришиляпти.

Амударёдан Сурхондарё вилоятида Аму-Занг, Қашқадарё вилоятида Қарши магистрал канали насос станциялари каскади, Бухоро вилоятида Аму-Бухоро машина канали насос станцияси орқали сув олинади. Ўз навбатида, Қарши магистрал канали орқали Туркманистон ҳудудига сув етказиб берилади. Қарши магистрал канали насос станциялари каскадининг 6 та насос станцияси Туркманистон ҳудудида жойлашган бўлиб, ўзбекистонлик сувчилар қўшни давлат ҳудудига ўтиб, уларни ишлатади.

Туркманистон Амударёдан ўз ҳудудидаги Қорақум ва бошқа каналлар ҳамда кичик насос станциялари орқали сув олади.

Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон ҳамда Туркманистоннинг Тошовуз вилояти ҳудудларини сув билан таъминловчи Туямўйин сув омбори икки мамлакат чегара ҳудудларида шаклланади. Ундан чиқариладиган сув Туркмандарё ҳамда Чапқирғоқ магистрал каналлари, шунингдек, Туямўйин гидроузелининг пастки қисми, Амударёнинг чап томонидан Хонёп, Жумабой соқа, Қиличниязбой ва Қипчоқ-Бўзсув каналлари орқали Тошовуз вилояти ҳудудларига етказиб берилади.

— Сувчиларнинг миллати бўлмайди. Биз ягона миллат, бир халқ вакилларимиз, — деди йиғилишда сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев. — Томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Туркманистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг сув хўжалиги объектлари, хусусан, Қарши магистрал канали, Аму-Бухоро машина канали ва Туямўйин ГЭС мажмуалари ишлаши таъминланмоқда.

Қўшма комиссия йиғилишида Туркманистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги объектларига хизмат кўрсатувчи ишчилар учун “Вахта” режимини бекор қилиш ҳамда “Таллимаржон-Таллымерджен” ва “Дружба-Газоджак” чегара постлари фаолиятини қайта тиклаш, Амударё сув ресурсларини биргаликда бошқариш тизимини ва маълумотлар алмашинувини автоматлаштириш, Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш ва ўзанларини тўғрилаш орқали сув йўқотилишини камайтириш ҳамда сувнинг тўсиқсиз ўтиш чораларини кўриш, “Туямўйин гидроузели Султонсанжар тўғонида сув фильтрациясига қарши девор қуриш” ҳамда “Қарши насос станциялари каскадини капитал қайта тиклаш” (Фаза-3) лойиҳалари доирасида жалб этиладиган чет эллик мутахассисларга Турманистон ҳудудига кириш визалари бериш каби масалалар муҳокама қилинди. Кўрилган масалалар юзасидан Баённома имзоланди.

Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2024 йилда Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

Манба: «Янги Ўзбекистон»

Поделиться