Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
IT соҳасида кадрлар тайёрловчи қатор етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида онлайн очиқ мулоқот бўлиб ўтди
2023-04-14 | Технологиялар
12 апрель куни мактаб битирувчиларини замонавий касблар билан таништириш мақсадида IT университетлари вакиллари билан онлайн очиқ мулоқот ташкил этилди.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу очиқ мулоқотда юртимиздаги IT соҳасида кадрлар тайёрловчи қатор етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари ўз олийгоҳларининг мавжуд имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
Хусусан, Янги Ўзбекистон университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, INHA, Amiti университетлари, Тошкент халқаро таълим университети, «IT Park University» университетларидаги мавжуд шарт-шароитлар, имкониятлар ва келгусида замонавий касбларни эгаллаш учун тегишли йўналишлар бўйича тингловчиларга атрофлича маълумот бериб ўтилди.
Шунингдек, тақдимотлар орқали мазкур университетлардаги мавжуд шарт-шароитлар, имкониятлар ва келгусида замонавий касбларни эгаллаш учун йўналишлар бўйича ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
IТ соҳасида билим ва иқтидорга эга ёшларни ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларига жалб қилиш, сифатли таълим бериш ҳамда мамлакатимиз ривожи учун ўз ҳиссасини қўшадиган мутахассислар қилиб тарбиялаш асосий вазифалардан биридир.
Бугунги кунга келиб IТ соҳаси жадаллик билан ривожланиб, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларга бўлган талаб ортиб бормоқда.
Бу каби тадбирлар ўқувчиларни замонавий касбларга қизиқтириш, мотивация бериш, юқори даромад ва инвестиция келтирувчи соҳаларга жалб этишга катта хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги