Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2022 йилда олиб борилган ишлар таҳлили юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
2023-03-29 | Технологиялар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2022 йилда олиб борилган ишлар таҳлили юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олег Пекось, Стратегик ривожлантириш департаменти бошлиғи Жаҳонгир Шукуров, Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муроджон Йўлдошев, шунингдек, вазирлик соҳа ходимлари ҳам иштирок этди.
Ахборот-коммуникация хизматлари (алоқа ва ахборотлаштириш ҳамда компьютер хизматлари) ҳажми 2021 йилга келиб 17,8 трлн сўмга етди. 2022 йилда эса бу миқдор кескин ошиб, 22,9 трлн сўмга етди.
Аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми 2016 йилда 198 минг сўмни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда 404,7 минг сўмни, 2021 йилда 508,5 минг сўмни, 2022 йилда эса 642,9 минг сўмни ташкил этди.
2022 йилда жами 396,1 млн АҚШ доллари миқдорида инвестициялар қилинган.
2022 йилда жами 4,6 млнта уй хўжаликларида интернетга уланиш имконияти яратилган. Жами интернетдан фойдаланувчилар сони 2020 йилда 22,5 млнтани ташкил қилди. Шундан Мобил интернетдан фойдаланувчилар сони эса 21,4 млнни ташкил этди. 2021 йилда мос равишда жами интернет фойданалувчилари сони 27,9 млнни, мобил интернет фойданувчилари сони 26,4 млнтани ташкил қилди. 2022 йилга келиб жами интернет фойданалувчилари 31,1 млнни, шундан мобил интернет фойдананувчилари сони 29,5 млнтага етказилди.
2022 йилда аҳоли масканларининг 99 фоизи 2G, 87 фоизи 3G, 75 фоизи 4G алоқа қамрови билан қопланган. 2022 йилда 170 минг км оптик толали алоқа линиялари тортилиб, аҳоли масканларининг 80 фоизи қамраб олинди.
Халқаро рейтингларда қуйидаги кўрсаткичлар қайд этилган:
Мобил интернет нархи (1 ГБ учун) 2020 йилда 1,34 доллар (55-ўрин), 2022 йилда 0,37 доллар (15-ўрин);
Симли интернет нархи: 2020 йилда 16 доллар (25-ўрин), 2022 йилда 14,38 доллар (19-ўрин);
Мобил интернет тезлиги: 2020 йилда 10,07 Мбит/с (133-ўрин), 2022 йилда 13,95 Мбит/с (122-ўрин);
Симли интернет тезлиги: 2020 йилда 29,92 Мбит/с (95-ўрин), 2022 йилда 45,03 Мбит/с (89-ўрин).
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2021 йилда 300 та (100 та мобил иловалар орқали) давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 370 (+70, 165 та мобил иловалар орқали) тани ташкил қилди. 2023 йилда улар сонини 200 тага ошириб, 570 тага (265 таси мобил иловалар орқали) етказиш режалаштирилган. Бунинг натижасида аҳолининг 36 млрд сўм маблағи тежалиб, 70 дан ортиқ ҳужжатлар сўрови бекор қилинди.
Электрон хизматлар улуши 2020 йилда 32 фоизни (3,1 млн), 2021 йилда 54 фоизни (8,4 млн), 2022 йилда 66 фоизни (12 млн) ташкил қилган. 2023 йилда бу кўрсаткични 70 фоизга (21 млн) етказиш мўлжалланган. Шу даврда анъанавий хизматлар мос равишда 68, 46, 34, 30 фоизни ташкил қилади.
Ягона порталдан фойдаланувчилар сони 2019 йилда 77 минг нафар бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 372 мингни, 2021 йилда 1 млнни, 2022 йилда 4 млнни ташкил қилган. 2019 йилга қараганда фойдаланувчилар сони 52 бараварга ортган. Бу жараёнда 135 млрд сўмга яқин йўлкира ва қоғоз харажатлари тежалган.
Ўзбекистонда рақамли таълим экотизимини йўлга қўйиш, аҳоли ва ёшларни ушбу соҳага жалб қилиш ҳамда уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда тизимдаги IТ олий таълим муассасалари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ва унинг 6 та филиали, Тошкент шаҳридаги Инха ва Амити университетлари томонидан 35 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича 29 минг нафардан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда.
2022 йилда рақамли таълимни ривожлантириш борасида АКТ соҳасида олий маълумотли кадрларни тўлиқ масофавий тарзда халқаро стандартлар асосида тайёрлайдиган «EPAM Systems» халқаро IТ-компания билан ҳамкорликда «IT-Park University» рақамли университети фаолияти йўлга қўйилди.
Аҳолини рақамли кўникмаларини ошириш мақсадида республика бўйича 205 та рақамли технологиялар ўқув марказларида 400 га яқин янги иш ўринлари яратилган бўлиб, уларда 128 минг нафардан ортиқ тингловчилар, шу жумладан, жами 33 минг нафари давлат ходимлари малакасини оширди.
IТ соҳасида хусусий сектор вакилларига яратилган шароит ва имкониятлар натижасида IТ-Парк резиденти бўлган хусусий таълим марказлари сони 2022 йилда 191 нафарга етди (2021 йилга нисбатан 67 тага, 2020 йилга нисбатан 180 тага кўпайган).
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро IТ-сертификатларга эга ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 9 майдаги 310-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда ёшларни IТ соҳасида салоҳиятини ошириш, шунингдек, IТ билимларга қизиқтириш мақсадида халқаро IТ-сертификатларини олиш учун 50 фоизгача харажатларини қоплаш тизими жорий этилди.
Ўз билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 2022 йилда жами 800 тадан зиёд ёшлар халқаро IТ-сертификатни олиш учун аризалар топширган бўлса, ҳисобот даврида 500 нафар ёшларнинг мазкур сертификатлар бўйича 50 фоизгача бўлган харажатлари қоплаб берилди.
2019-2022 йилларда «Бир миллион ўзбек дастурчи» лойиҳаси доирасида таълим олганлар сони 2,5 млн нафардан ошган. Шу жумладан, 1,7 млн нафардан ортиғи лойиҳа доирасида рақамлаштириш бўйича бошланғич билимга эга бўлиб, сертификатларни қўлга киритган.
IТ соҳадаги ўқув курсларда таҳсил олаётган ёки ушбу ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 15 минг нафардан ортиқ ёшларга компьютер харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилди.
IТ Парк резидентлари сони 2017 йилда 147 та бўлган бўлса, 2021 йилда 523 тага етди. Бу кўрсаткич 2022 йилда икки бараварга ортиб, 1122 тага ошди. Хорижий капитал иштирокидаги компаниялар сони 2017 йилда 4 тагина бўлган бўлса, 2021 йилда 23 та, 2022 йилда етти бараварга ортиб, 165 тага етди.
АКТ соҳасида 2021 йилда 90,3 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган бўлиб, бу кўрсаткич 2022 йилда 116,9 минг нафарга етказилди. АКТ соҳасидаги корхоналар томонидан 2017 йилда 135,5 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 206,4 млн АҚШ долларига етди, 2022 йилда эса 323 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинди. 2023 йилда ушбу кўрсаткични 375,1 млн АҚШ долларига етказиш режалаштирилган.
2021-2022 йилларда IТ Парк резидентлари томонидан кўрсатилган хизматлар ва экспортлар ҳажми кескин ошди.
2021 йилда IТ Парк резидентлари томонидан жами 46 млн АҚШ доллари миқдорида хизматлар экспорти амалга оширилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 140 млн АҚШ долларини ташкил қилди.
2021-2022 йилларда IТ Парк резидентлари томонидан иш билан таъминланганлар ва ўзини ўзи банд қилганлар сони ҳам кўпайган.
2023 йилнинг 1 январь ҳолатига республика миқёсида жами 28 562 нафар аҳоли иш билан таъминланган бўлиб, шундан 18 712 нафар ўзини ўзи банд қилганлар ҳисобланади. Бу борада Тошкент шаҳри (15 597) биринчи ўринда турган бўлса, Навоий (785) ва Жиззах (538) кейинги ўринларни банд қилган.
Матбуот анжумани давомида журналистлар томонидан берилган саволларга масъуллар томонидан жавоблар тақдим этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги