Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Mareven Food Holdings Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳани амалга оширади
2023-03-23 | Иқтисодиёт
Шу йилнинг 22 март куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Mareven Food Holdings (Вьетнам) компанияси директори Нгуен Дуонг билан видеоконференция тарзида музокаралар ўтказди.
Маълумот учун: Mareven Food Holdings қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича лойиҳаларга сармоя киритиш соҳасида фаолият юритади. Компаниянинг халқаро портфелига Rollton, BIGBON, Mareven Professional Food, Petra, Actibo брендлари киради.
Учрашувда 125 миллион долларлик тез тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, алкоголсиз ичимликлар, қуритилган сабзавотлар, чипслар ишлаб чиқарадиган йирик заводни қуриш бўйича навбатдаги тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди. Лойиҳа Тошкент вилоятидаги «Ангрен» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилиб, 800 та янги иш ўрни яратилади.
Музокаралар чоғида вьетнамлик ҳамкорлар компания маҳсулотларини қабул қилиш ва Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари бозорларига тарқатиш мақсадида Тошкент вилоятида логистика маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг жорий ҳолати ҳақида ҳам сўзлаб берди. Ўзбекистон томони компаниянинг мамлакатимиздаги сармоявий ташаббусларини амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистонда Mareven Food Holdings компаниясининг ишлаб чиқариш ва логистика объектларини ишга тушириш ва янги иш ўринлари яратишни назарда тутган ҳолда лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш юзасидан ҳамкорлик қилиш тартибини келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги