Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Рақамли технологиялар вазири «Huawei» компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти билан учрашув ўтказди
2023-03-16 | Технологиялар
15 март куни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда «Huawei» компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Яо Сзян ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Президентининг мамлакатни минтақавий IT хабга айлантириш бўйича берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон телекоммуникация инфратузилмаси, мобил алоқа, маълумотлар базалари ва IT таълим соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси ҳукумати грантлари асосида мамлакатимизда ОТМ ва ихтисослаштирилган мактабларни рақамлаштириш ҳамда Электрон ҳукумат маълумотларни сақлаш маркази лойиҳасини кенгайтириш бўйича таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, 2022 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган «ICTWEEK UZBEKISTAN–2022» АКТ ҳафталиги доирасида имзоланган ҳужжатлар асосида Сурхондарё вилоятида IT Park ва Huawei компанияси ҳамкорликда ташкил этилаётган BPO маркази ҳам компания билан биргаликда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳамкорларнинг давоми экани алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, BPO марказларини бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этиш ва уларнинг сонини оширишда компания билан ҳамкорликда ишлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги