Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Германия ва Ўзбекистон: Олий таълим ва илм-фан соҳасида ҳамкорлик
2023-03-06 | Таълим
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигидаги делегация таркибида Германия Федератив Республикасида бўлиб, ташриф доирасида қатор учрашувлар олиб борди ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришди.

Хусусан, Германия Федерал Таълим ва тадқиқотлар вазирлиги (BMBF) Давлат котиби Томас Рейчел билан учрашув ўтказилди. Учрашувда ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди.
Учрашув натижасида томонлар Ўзбекистон–Германия олимлари ўртасида мулоқотни ривожлантириш мақсадида Қўшма илмий лойиҳалар танловини ташкил этиш ва ушбу мақсадда молиявий маблағларни жалб этишга келишдилар.
Ўзбекистонлик ёш олимлар учун илмий стажировка дастурларини ташкил этиш. BMBF билан ҳамкорликда юртимиз олим ва тадқиқотчиларнинг Германиянинг илғор илмий муассасалари ва лабораторияларида малакаси оширилиши муҳокама қилинди.
Шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан «Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизимини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнлари қўллаб-қувватлаш» ҳамда «Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш тармоқлари учун профессионал таълим» лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди. Бундан ташқари, профессионал таълим соҳасида Германиянинг «KfW» банки кўмагида «Профессионал таълим тизимини такомиллаштириш» лойиҳасини қўллаб-қувватлашга келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги