Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон - БАА: янги келишувлар
2023-02-15 | Иқтисодиёт
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигидаги Ўзбекистон Ишчи гуруҳи Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турмоқда.

Ташрифнинг биринчи куни доирасида БАА Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Энергетика ва инфратузилма вазирлиги раҳбарияти билан учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Хусусан, Иқтисодиёт вазири Абдулла бин Тук ал-Марри билан ўтказилган мулоқотда икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
БАА янги хусусий компанияларининг Ўзбекистон бозорига киришга қизиқаётганлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, кимё, кон-металлургия ва тўқимачилик саноати энг истиқболли йўналишлар сифатида тилга олинди.
Туризм, кимё, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳалардаги компанияларнинг давлат улушини сотиб олишни назарда тутган ҳолда, БАА компанияларининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-БАА Ҳукуматлараро комиссиясининг 5-йиғилишини ҳамда қўшма бизнес-форумни ташкил этиш масаласи келишиб олинди.
Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруи билан мулоқот чоғида Ўзбекистон энергетика соҳаси ва инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида икки томонлама инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
БАА томони Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги ҳамкорлик самарали ва муваффақиятли ўзаро шерикликнинг амалий намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
Музокаралар аниқ инвестиция лойиҳалари тақдимотини ўтказиш, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаш имконини берди ҳамда томонларнинг кенг кўламли соҳаларда алоқаларни ривожлантиришга бўлган интилишларини акс эттирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги