Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазир ОТМларга қуёш панелларини ўрнатишни янада жадаллаштириш бўйича топшириқ бeрди
2023-02-14 | Технологиялар
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ОТМга қуёш панелларини ўрнатиш ишлари янада жадаллаштириш, маънавий-маърифий ишларни кенгайтириш ҳамда битирувчиларни иш билан таъминлаш масалалари бўйича олий таълим муассасалари ректор ва масъул проректорлари билан кенгайтирилган онлайн форматда йиғилиш ўтказди.
Унда дастлаб барча олий таълим муассасаларини муқобил энергетикасига ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Ректорларга университет ва институтларнинг ўқув ва талабалар турар жойлари биноларини тўлиқ қуёш энергияси панеллари билан жиҳозлаш топширилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, 2022 йилда республика ОТМнинг 51 та биносида 3 372,2 кВт қувватга эга қуёш панеллари, 61 000 литр ҳажмдаги қуёш сув иситиш қурилмалари ҳамда 1 151 дона қуёш ташқи ёритиш ускуналари ўрнатилган. 2023 йил якунига қадар яна 31 та бинода 1 941 кВт қувватга эга қуёш панеллари, 20 000 литр ҳажмдаги қуёш сув иситиш қурилмалари ва 1 300 дона қуёш ташқи ёритиш ускуналари ўрнатилиши режалаштирилган. Мазкур вазифани бажариш мақсадида жорий йил 6 февраль ҳолатига кўра 14 та бинода 633 кВт қувватга эга қуёш панеллари, 10 600 литр ҳажмдаги қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди. Натижада, жами қуёш панеллари 4 005,2 кВтга етказилиб, аввал белгиланган режага нисбатан 1 705,2 кВтга кўп, қуёш сув иситиш қурилмалари 71 600 литрга етказилди.
Вазир йиғилиш давомида қуёш панеллари ОТМнинг йиллик электр энергия сарфининг камида 70 фоизини қоплаши шартлигини таъкидлади. Бу мақсадга эришиш учун барча таълим муассасаларининг мавжуд ўқув, лаборатория, ёрдамчи ва ётоқхона биноларининг том қисмини мутахассис жалб қилган ҳолда техник томонлама қуёш панелларини ўрнатиш имкониятини аниқлаш ва қуёш панелларини ўрнатишга сарфланадиган харажатлар сметасини тузиш бўйича топшириқ берилди.
Сўнг, олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари, ходимлари ўртасида маънавий-маърифий ишларни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. Бунинг учун ректорларга ўз ходимларининг фарзандлари билан мактуб орқали ёзишмаларни йўлга қўйиши тавсия этилди. Вазир ректор ходимининг оиласидаги муҳитни ўрганиш орқали жамоадаги муҳитни яхшилаши бўйича шахсий тажрибаси билан ўртоқлашди.
Шунингдек, ОТМдаги иқтидорли талабалар рўйхатини тузиш ва улар билан алоҳида ишлаш механизмини йўлга қўйиш масаласида таклифлар берилди. Олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши, айниқса ишга жойланмаган битирувчилари сони кўп бўлган нодавлат ОТМ сифатсиз таълим бераётган муассаса деб топилиши ва келажакда уларнинг фаолиятини тугатиш масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги