Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Словакия автомобиль саноати соҳасида Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди
2023-02-14 | Жамият
Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев Словакия Автомобиль саноати ассоциацияси президенти, «Volkswagen Slovakia» автомобиль ишлаб чиқариш заводининг ташқи алоқалар бўйича директори А.Матушек билан учрашув ўтказди
Музокараларда Ўзбекистон меҳнат бозоридаги салоҳиятли ишчи кучини иш билан таъминлаш, хорижий давлатларга хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш, меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Словакия автомобиль саноати соҳасида Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди.
Хориж томонига Ўзбекистонда сўнгги йилларда ташқи меҳнат миграциясини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати, мазкур йўналишда фуқаролар учун яратилган имтиёзлар, «Ишга марҳамат» мономарказларининг фаолияти, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги фаолиятига бағишланган тақдимот амалга оширилди.
А.Матушек «Volkswagen Slovakia» заводи Словакиядаги энг йирик компания ва иш берувчилардан бири эканлигини таъкидлади. Бугунги кунда компаниянинг доимий ишчилари сони 12 мингдан ортиқ бўлиб, бутловчи қисмлар етказиб берувчи субкорхоналарда 50 мингга яқин мутахассис фаолият юритиши қайд этилди.
Компания ҳозирда “Volkswagen Touareg”, “Audi Q7”, “Audi Q8”, “Porsche Cayenne”, “Porsche Cayenne Coupé”, “Volkswagen up”, “Volkswagen e-up” электрокари ҳамда “Škoda Karoq” русумидаги автомобилларни ишлаб чиқармоқда.
Словакия Автомобиль саноати ассоциацияси президенти «Volkswagen Slovakia» 2023 йилда автомобиль ишлаб чиқариш салоҳиятини оширмоқчи эканлигини ҳамда компаниянинг янги ривожланиш стратегиясига асосан 1500 нафар ишчига эҳтиёж мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатнинг автомобилсозлик секторидаги ўсиш тенденцияси бир йилда қўшимча 10 мингга яқин мутахассисни иш билан таъминлаш имкониятини яратмоқда.
Мазкур соҳадаги амалий ҳамкорликнинг биринчи босқичи сифатида Словакия Автомобиль саноати ассоциацияси ва Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишилди.
Бугунги кунда Словакияда йилига 1,1 миллион дона турли тоифадаги машиналар ишлаб чиқарилади ва аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган автомобиллар сони бўйича (ҳар 1000 нафар аҳолига – 184 дона автомобиль) мазкур давлат дунёда биринчи ўринни эгалламоқда.
Биргина автомобиль саноати Словакия саноатининг 50,4 фоизини, мамлакат экспортининг 42,2 фоизини, давлат ЯИМнинг 11 фоизини ташкил этади. Мазкур тармоқда 260 мингдан ортиқ фуқаро иш билан таъминланган.
Словакияда «Volkswagen Slovakia», «Kia Motors Slovakia», «Stellantis Slovakia» («Peugeot S.A.» ва «Fiat Chrysler Automobiles» компанияларининг қўшилиши натижасида юзага келган автоконцерн), «Jaguar Land Rover» ва «Volvo Slovakiа» автомобиль ишлаб чиқариш заводлари мавжуд. Қолаверса, мамлакатда 380 дан ортиқ бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият олиб бормоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги