Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2025
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Пойтахтимизда «Ўзбекистон – Словения» бизнес-форуми бўлиб ўтди

2023-02-08 | Иқтисодиёт

8 февраль куни Тошкентда «Ўзбекистон – Словения» бизнес-форуми бўлиб ўтди. 

Унда тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ва икки мамлакат ишбилармон доираларининг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. Форумда Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, Словения делегациясига эса Словения Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — ташқи ишлар вазири Таня Фаён бошчилик қилди.

Делегациялар раҳбарлари ўз қутлов сўзларида икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, ўзаро савдо муносабатлари фаоллашаётгани, бу борада ишбилармон доираларнинг фаол ҳамкорлиги муҳим роль ўйнашини таъкидладилар.

Ўтган йил давомида ҳажми қарийб 40 фоизга ошган ташқи савдо айланмасининг ижобий динамикаси алоҳида таъкидланди. Бу кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг «GSP+» преференциялар тизимининг бенефициари мақомини олиши туфайли мумкин бўлди. Ташқи савдодаги кўрсаткичларни ошириш учун томонлар икки мамлакат ишбилармон доиралари учун зарур қўшимча шарт-шароитларни яратиб бериш масалалари бўйича келишиб олдилар. Эришилган келишувлар бизнес-форум давомида имзоланган Ўзбекистон ва Словения ўртасида Иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимда ўз аксини топди.

Бундан ташқари, тақдимот ва ишбилармон доиралари вакиллари ортасида кечган мулоқотларда автомобилсозлик, бутловчи қисмлар, металл буюмлар, гидравлик турбиналар, насослар, фармацевтика маҳсулотлари биргаликда ишлаб чиқаришда шериклик муносабатларини ўрнатиш истиқболлари кўриб чиқилди. Чорвачилик, боғдорчилик ва уруғчиликни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун агросаноат комплексини яратиш, шунингдек, Словениянинг Mercator Group йирик савдо тармоғи филиалининг Ўзбекистонда фаолиятини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирдилар.

Форум «B2B» ва «G2B» музокаралари сессияси билан давом этди, унда томонлар янги инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги даражага чиқариш ва ривожлантиришга қаратилган мустаҳкам савдо алоқаларини ўрнатиш юзасидан фикр ва таклифлар алмашдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться