Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Беларусь савдо-иқтисодий муносабатларини ривожлантириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар муҳокама қилинди
2023-02-04 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Беларусь Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Леонид Маринични қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Беларусь савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзаро савдо муносабатларида ижобий динамика кузатилаётганлиги қайд этилди. Хусусан, 2022 йил охирига келиб икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 71 фоизга ўсиб, 530 миллион доллардан ошди. Шу билан бирга, Ўзбекистон маҳсулотларининг Беларусга экспорти икки баравар ошди. Томонлар яқин йилларда савдо кўрсаткичларини 1 миллиард долларга етказиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мулоқот давомида сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар сони 181 тага етди, улардан 77 таси қўшма ва 104 таси 100 фоиз Беларусь инвестициялари иштирокида ташкил этилган. 2022 йилнинг ўзида 86 та янги корхона ташкил этилди. Ўз навбатида Беларусь ҳудудида Ўзбекистон сармояси иштирокидаги юздан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Томонлар саноат кооперациясининг янги қўшма лойиҳаларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирдилар.
Ўзбекистон-Беларусь ҳудудлараро алоқалари ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. 2022 йил октябрь ойида Беларуснинг Витебск вилояти делегациясининг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида иқтисодиёт, саноат, таълим ва туризм соҳаларида муҳим келишувларга эришилди. Қўшма савдо ва ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш орқали ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувда, шунингдек, тўқимачилик, чарм-пойабзал, электротехника, мебель саноати ҳамда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор муҳим таклифлар таҳлил қилинди.
Учрашув якунида томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳокама қилинган йўналишлари доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга ўзаро содиқлигини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги