Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида стартапларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
2023-01-23 | Технологиялар
IT Park директори Фарҳод Ибрагимов бошчилигидаги IT Park вакиллари Сингапур ҳукумати Савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги «Enterprise SG» давлат ташкилоти офисига ташриф буюрди. Ушбу ташкилот 2018 йилдан буён кичик ва ўрта корхоналар ривожини қўллаб-қувватлаш, имкониятлар яратиш ва инновацияларни рағбатлантириш учун масъулдир.
Ташрифдан кўзланган мақсад – ташкилот фаолияти билан яқиндан танишиш ва компаниялар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат. Учрашувда IT Park вакиллари хорижлик ҳамкасбларига ҳукумат томонидан мамлакатни минтақавий IT-хабга айлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди.
Ўз навбатида, «Enterprise SG» вакиллари меҳмонларга ўзларининг асосий вазифалари ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, «Enterprise SG» раҳбарияти маҳаллий стартапларда ўзбекистонлик IT-мутахассисларни ишга олишдан манфаатдорлигини билдирди.
IT Park раҳбарияти учрашув давомида Ўзбекистонда хорижий компаниялар учун алоҳида бизнес шароитлари ва махсус имтиёзлар мавжудлигини, шунингдек, Сингапур стартапларини Марказий Осиё бозорига киришда қўллаб-қувватловчи давлатга айланиши мумкинлигини таъкидлашди. Ўзбекистон учун ҳам филиаллар очилиши иш ўринлари сонининг кўпайиши, хорижлик ҳамкасблар билан тажриба алмашиш каби қатор афзалликларга эга.
Муҳокама, шунингдек, IT ва стартап экотизимини ривожлантириш билан боғлиқ томонларни қизиқтирган бошқа йўналишлар, жумладан, Сингапур стартап экотизимини ривожлантиришга қаратилган «Startup SG» («Enterprise SG» бўлими) томонидан ташкил этилган тадбирларда стартапларнинг иштирокини ҳам ўз ичига олди.
Учрашув якунлари бўйича «Enterprise SG» 2023 йил март ойида мамлакат IT саноати билан танишиш, IT-компаниялар имкониятларини ўрганиш ва маълум лойиҳаларни ишга туширишни муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга таклиф қилинди.
Маълумот учун: «Enterprise SG» – Сингапур ҳукумати Савдо ва саноат вазирлиги қошидаги давлат ташкилоти. У 2018 йил 1 апрелда Сингапурнинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, имкониятлар яратиш, инновациялар, трансформация ва халқаро кўламда ривожланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
«Enterprise SG» ҳам Сингапурнинг стартап маркази сифатида ўсишини қўллаб-қувватламоқда. «Enterprise SG» ташаббуслари орасида стартап экотизимини ривожлантиришнинг асосий омили бўлган «Startup SG» дастури ҳам мавжуд. Дастур стартапларга маҳсулот яратиш ва ривожлантириш имкониятини беради ва лойиҳаларнинг халқаро бозорларга чиқишига ёрдам беради. Бугунги кунга келиб, «Стартуп СГ» портфелида 4000 дан ортиқ муваффақиятли лойиҳалар, жумладан, 28 та униcорн стартаплари, 228 та инкубация ва акцелерация дастурлари ҳамда венчур капитал фондлари, фаришталар ва хусусий сармоядорларни ўз ичига олган 500 дан ортиқ инвесторларга эга.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги