Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми бўлиб ўтди
2023-01-16 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи арафасида Сингапурда икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Сингапур савдо ва саноат вазири Ган Ким Ёнг, Сингапур бизнес федерацияси раиси Лим Минг Ян, тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг етакчи корпорация, холдинг ва компанияларининг 200 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Лазиз Кудратов қутлов сўзида Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очиб бериши кутилаётган олий даражадаги ташриф муҳимлигини таъкидлади.
– «Биз бўлиб ўтадиган тадбирнинг барча имкониятларидан унумли фойдаланиб, унинг кун тартибини аниқ келишувлар билан бойитишга бел боғлаганмиз», – дейди Лазиз Кудратов.
Форум давомида иштирокчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган инвестиция жозибадорлигини ошириш, инвесторлар ҳимоясини кучайтириш ва ташқи савдони либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Қабул қилинган дастурлар натижадорлиги туфайли хорижий ҳамкорларнинг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб, ишончи мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
Иштирокчилар эътибори икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётганлигига, савдо-саноат кооперацияси ривожланаётганлигига, умуман олганда, тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг ижобий динамикасига қаратилди.
Кейинги йилларда Сингапурнинг Ўзбекистонга киритган инвестицияларининг ҳажми 700 миллион доллардан ошди, Сингапур капитали иштирокидаги корхоналар сони 4, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми эса 2 баробар ошди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишнинг энг истиқболли чоралари сифатида минтақалараро транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш, мавжуд транспорт йўлаклари ва инфратузилмаларидан фаол фойдаланиш йўналишлари белгиланди.
Ўз навбатида, Сингапуртомони Ўзбекистон билан кенг кўламли соҳаларда шерикликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда давом этиш нияти қатъий эканини тасдиқлади. Кимё, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги саноати, таълим, соғлиқни сақлаш, логистика, шунингдек, IT-сектори ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор соҳалари сифатида белгиланди.
Форум дастури Сингапурнинг йирик бизнес вакиллари иштирокидаги ялпи мажлис билан давом этди. Унда Индорама Гроуп директори Пракаш Кежривал, Сингапур менежментни ривожлантириш институти президенти Эрик Куан ва PSA International бош директори Ван Чи Фо икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан Ўзбекистонда самарали бизнес юритишнинг амалий жиҳатлари, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Тадбир дастури доирасида Б2Б музокаралари ҳамда мамлакатимиз инвестициявий салоҳияти тўғрисида ва Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари кесимидаги аниқ лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.
Бизнес-форум якунлари бўйича савдо, инвестициялар ва молия йўналишларида, кимё, энергетика ва тўқимачилик саноати, саноат зоналарини ривожлантириш, инфратузилмавий лойиҳаларини амалга ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида 22 та шартнома ва битимлар имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги