Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
II МДҲ ўйинлари спортнинг 21 тури бўйича ўтказилади
2023-01-07 | Спорт
МДҲга аъзо давлатлар вакиллари Янги йил арафасида Ҳамдўстлик мамлакатлари II ўйинларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳи йиғилишида мусобақа низомини тасдиқладилар.
МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, II МДҲ ўйинлари жорий йилнинг 4-14 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Мусобақа дастуридан кўплаб спорт турлари ўрин олган. Ўйинлар концепцияси Беларуснинг 11 шаҳрида спортнинг 21 тури бўйича тадбирлар ўтказилишини назарда тутади. Хусусан, турнир баҳслари Минск, Борисов, Брест, Витебск, Гомел, Гродно, Жлобин, Могилёв, Молодечно, Орша ва Солигорск шаҳарларида ўтказилади.
МДҲ ўйинларда 3 мингга яқин спортчи, мураббийлар, ҳакамлар, тиббиёт ходимлари ва бошқалар иштирок этиши кутилмоқда. Ўйинларда Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон спорт делегациялари иштирок этиши режалаштирилган. Мўғулистон, Хитой, Куба, Эрон, Ўмон, Саудия Арабистони делегацияларининг айрим спорт турларида иштирок этиш масалалари ишлаб чиқилмоқда.
I МДҲ ўйинлари 2021 йилнинг 4–11 сентябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтган эди. Мусобақада МДҲнинг 9 давлати – Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон терма жамоаларидан 1000 нафардан ортиқ спортчи иштирок этган. Иштирокчилар спортнинг 16 тури бўйича 181 та медаллар жамланмаси учун ўзаро мусобақалашган эди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги