Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Италия Элчиси билан учрашув тўғрисида
2023-01-05 | Сиёсат
2023 йилнинг 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов Италия Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Агостино Пиннани қабул қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Италия кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Турли даражаларда бўлиб ўтадиган қўшма тадбирлар, хусусан, ТИВлараро сиёсий маслаҳатлашувлар ва «Италия – Марказий Осиё» шаклидаги мулоқотнинг навбатдаги давраларини ўтказиш муддатлари ва кун тартиби бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш, парламент аъзоларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Музокараларда иқтисодий дипломатияни фаоллаштиришга алоҳида урғу берилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, Италия бозорига ўзбек маҳсулотларини экспортини кўпайтиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Италия ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги