Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мамлакатнинг саноат салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди
2023-01-05 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов раислигида видеоконференсалоқа тарзида саноатни комплекс ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва республика ҳудудларида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Вазирлик раҳбар ва ходимлари ҳамда тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда мамлакатимизда саноат сиёсатини амалга оширишда замонавий меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш, мамлакат саноатини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янгиларини ишга туширишни жадаллаштириш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш каби зарур чоралардан иборат комплекс ёндашув муҳимлигига эътибор қаратилди.
Ҳудудларга бириктирилган Ишчи гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, уларга жойларда чиққан ҳолда, фаолият юритаётган 1300 дан ортиқ корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш имкониятлари бўйича ўрганиш ўтказиш ва таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, Ишчи гуруҳларга қизиқиш билдирган маҳаллий тадбиркорларни жалб қилган ҳолда турли соҳаларда 1100 дан ортиқ янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини ўрганиш топширилди. Бундан ташқари, тадбиркорларни қийнаб келаётган масалаларни, жумладан, замонавий асбоб-ускуналар етказиб бериш ва ўрнатиш билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш мақсадида 2 мингга яқин инвестиция лойиҳаси ўрганилади.
Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ривожлантириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар алоҳида кўриб чиқилди. Вазирликнинг ҳудудларга бириктирилган вакилларига саноат зоналардаги жорий ҳолат, жумладан, коммунал тармоқларга уланганлигини, ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланаётганлигини, объектларни юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотларни шакллантириш занжирига жалб қилинганлиги юзасидан ўрганиш ўтказиш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, ИССВ вакилларига ҳудудларда 68 та янги йирик саноат лойиҳасини амалга ошириш чораларини таҳлил қилиш ва аниқ чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш топширилди.
Вазирлик Ишчи гуруҳларининг ҳудудлардаги фаолияти якунлари бўйича 2023 йилда саноатни жадал ривожлантириш чора-тадбирларини ўз ичига олган Дастур тайёрланади.
«Саноат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, «Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантириш Стратегияси» лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, йирик ишлаб чиқариш корхоналари қошида мутахассислар назарий билимларни олиш ва амалий кўникмаларни ўзлаштиришлари мумкин бўлган муҳандис кадрлар тайёрлаш мактабларини ташкил этиш чоралари вазирлик фаолиятининг алоҳида йўналишлари сифатида белгиланди.
Йиғилиш якуни бўйича Ишчи гуруҳлар вакилларига белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш юзасидан қўшимча топшириқлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги