Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўринбосарларининг 12 йиғилишидаги иштироки тўғрисида
2022-12-12 | Сиёсат
2022 йил 11 декабрь куни Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов бошчилигидаги делегация БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (MOPDMM) Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўринбосарларининг 12 йиғилишида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Айбек Молдогазиев, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Хусаинзода, Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Вепа Хаджиев, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги департаменти бошлиғи Дидар Теменов, MOPDMM раҳбари Наталя Герман ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар экспертлари иштирок этди.
Учрашувда Марказий Осиёдаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, минтақадаги хавфсизликка оид асосий чақириқлар ва таҳдидлар, MOPDMMнинг жорий йилдаги фаолияти натижалари, шунингдек, 2023 йилга мўлжалланган режалар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон делегацияси ўз нутқида ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишлари ва давлатимиз раҳбарининг муҳим ташаббуслари ҳақида тадбир иштирокчиларига батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон яхши қўшничилик ва минтақавий шериклик кун тартибини изчил илгари сурмоқда.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистоннинг Оролбўйида экологик ҳалокатнинг олдини олиш ва «яшил» кун тартибини илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида маълумот берилди.
Ўзбекистон Президентининг Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоримини тайёрлаш ва келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокара гуруҳини шакллантириш ҳақидаги ташаббусига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчиларига Афғонистоннинг янги ҳукуматига нисбатан мамлакатлар позицияларини яқинлаштиришга, ушбу давлатни тинч тараққиёт йўлида ўзаро манфаатли келишувга эришиш учун шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган ташаббуснинг асосий мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги