Жорий йилда 136 та туманда 134 та пахта-тўқимачилик кластерлари ва уларга бириктирилган 29 мингта фермер хўжаликларида 1 млн 32 минг гектар майдонда ғўза парваришланди.
Пахтачиликка илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига ўртача ҳосилдорлик гектарига 34,0 сентнерни ташкил этди ва жами 3 млн 510 минг тонна пахта хомашёси етиштирилди.
Бундан ташқари, териб олинган пахта хомашёсининг 90 фоиздан ортиғи юқори сорт ва классларга (1-сорт 1- ва 2-классларга) сотилди ва бу пахта етиштирувчи фермер хўжаликларининг иқтисодий ҳолатини яхшиланишига олиб келади. Шунингдек, юқори ҳосилдорлик қайта ишлаш қувватига эга кластерларнинг хомашё манбаининг кўпайишига хизмат қилади.
Жойларда 22,1 мингта терим отрядлари ташкил этилиб, 1,8 млн нафар теримчилар жалб қилинди. Шунингдек, теримда 1 089 та пахта териш машиналари, 15 320 та транспорт тракторлари ва 24 900 та тиркамалар қатнашиши таъминланди.
Республикада ҳар гектар пахта майдонидан ўртача ҳосилдорлик 34,0 сентнерни ташкил қилди ва 24 та туманда 30 сентнергача, 41 та туманда 30-35 сентнер ва 71 та туманда 35-40 сентнер ҳосил олинди. Айниқса, Қашқадарё вилоятида 437 минг тонна, Бухоро вилоятида 360 минг тонна, Жиззах вилоятида 269 минг тонна, Самарқанд вилоятида 258 минг тонна ва Навоий вилоятида 115 минг тонналик улкан хирмон яратилиб, ўтган 2021 йилга нисбатан ўртача ҳосилдорлик 2,6-3,4 с/га га юқори бўлди. Агротехник тадбирларни илм ва инновациялар орқали ташкил этган Дўстлик туманида ўртача 40,4 с/га, Қуйи Чирчиқ туманида 40,0 с/га, Хазорасп туманида 39,5 с/га, Ромитан туманида 38,6 с/га, Қўрғонтепа ва Мингбулоқ туманларида 38,5 с/га, Бухоро, Мирзачўл ва Тўрақўрғон туманларида 38,2 с/га ва Касби туманида 38,1 с/га пахта хомашёси ишлаб чиқарилди.
Пахтани механизация ёрдамида йиғиштириб олиш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, 1 089 та пахта териш машиналари билан 632,0 минг тонна ёки 18,0 фоиз пахта ҳосили териб олиш йўлга қўйилди.
Жорий йилги пахта хомашёсини териб олиш харажатларини молиялаштиришда имтиёзли кредитнинг кафолатланган ҳажмлари ойлар бўйича тақсимланиб, пахта етиштирувчиларга етказиб берилди.
Шуниндек, ҳар беш кунда теримчиларга ҳар килограмм терган пахтаси учун ўртача 1 600-2200 сўмдан, машинада терилган 1 тонна пахта хомашёси учун 1400 минг сўмдан хизмат ҳақи тўлаб борилди ва мавсумда 4 трлн 669 млрд сўмдан ортиқ терим пуллари тарқатилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги