“S&P” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини “BB-” (барқарор кутилма) даражасида тасдиқлади
Жорий йилнинг 2 декабр кунида эълон қилинган “S&P” халқаро рейтинг агентлигининг Ўзбекистон Республикаси суверен кредит рейтингига бағишланган навбатдаги ҳисоботида республика рейтинг баҳоси “BB-” (барқарор кутилма) даражада ўзгаришсиз тасдиқланди.
“S&P” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини йилда икки марта қайта баҳолайди ва баҳолаш жараёнида вазирлик ва идоралар билан республикадаги макроиқтисодий ҳолат ва амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича батафсил муҳокама қилади.
Қайд этиш лозимки, 2022-йил бошидан агентлик томонидан 22 та мамлакатнинг рейтинг баҳоси ёки рейтинг кутилмаси пасайтирилган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон кредит рейтинги бўйича “барқарор” кутилманинг сақлаб қолиниши нисбатан мустаҳкам фискал ва ташқи захираларининг мавжудлиги туфайли республика иқтисодиёти келгуси 12 ой давомида ташқи шоклар ҳамда глобал иқтисодиёт секинлашишининг қўшимча салбий таъсирларини камайтириш имкониятига эгалигини акс эттиради.
Агентлик ҳисоб-китобларига кўра, ҳукумат ликвид активлари ЯИМга нисбатан 17 фоизни, фойдаланиладиган халқаро захиралар ЯИМга нисбатан 32,6 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, мамлакатнинг соф ташқи кредитор позицияси ва соф давлат қарзи юкининг мўтадиллиги республика кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллар сифатида келтирилган.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми, монетар сиёсатнинг мослашувчанлиги, ҳисобдорлик ва институтларнинг ривожланиш даражаси республика суверен кредит рейтингини ҳозирги вақтда чекловчи омиллар сифатида санаб ўтилган.
Ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодиёти ташқи шокларнинг таъсирига агентлик кутилмаларидан кўра яхшироқ бардош бергани қайд этилган.
Хусусан, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши пул ўтказмалари оқими, экспорт ва давлат харажатларининг ортиши билан таъминлангани келтирилган. Шу сабабли, агентлик томонидан 2022 йил учун иқтисодий ўсиш кутилмаси 3,5 фоиздан 5,8 фоизгача оширилган.
Агентлик кутилмаларига кўра, прогноз даври мобайнида капитал харажатларининг камайиши, мақсадли ижтимоий харажатлар ва электр энергияси тарифлари ислоҳоти ҳамда солиқ йиғишнинг яхшиланиши ҳисобига фискал консолидатсия амалга оширилишига олиб келади.
Шу билан бирга, ҳисоботда амалга оширилаётган инвестиция дастурлари ва давлат корхоналари секторидаги ислоҳотлар, хусусий секторнинг ривожланиши ва бизнес муҳитининг яхшиланиши ўсишни қўллаб-қувватлашга ёрдам бериши келтирилган.
“S&P” халқаро рейтинг агентлиги 2017 йилдан буён ҳукумат ислоҳотлар ва иқтисодий модернизация бўйича ўз олдига қўйган мақсадларида сезиларли равишда илдамлаганини қайд этган.
Ҳукумат томонидан сўнгги йиллардаги бир қатор ислоҳотлар, хусусан, суд ҳокимияти мустақиллигини ошириш, сўз эркинлигига қўйилган таъқиқларни олиб ташлаш ва фуқаролар олдидаги ҳисобдорликнинг ошиши, коррупсияга қарши курашиш, иқтисодий маълумотлар очиқлигининг яхшиланиши, савдо ва валюта курси либерализатсияси ҳамда давлат корхоналари ислоҳоти ва хусусийлаштириш режалари алоҳида эътироф этилган.
Ҳисоботда давлат қарзи ўрта муддатда барқарорлашиши ва, асосан, имтиёзли кредитлардан ташкил топганлиги ҳисобига давлат қарзи харажатларининг пастлиги келтириб ўтилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг монетар сиёсати самарадорлиги кейинги йилларда ривожланиш тенденциясида эканлиги ва бу борадаги энг муҳим ислоҳотлардан бири сифатида валюта курси либерализатсияси эътироф этилган.
“S&P” рейтинг агентлиги ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистоннинг глобал иқтисодиётга интеграциялашуви ва иқтисодий ислоҳотлар натижасида иқтисодий ўсиш салоҳиятининг яхшиланиши ва экспорт тушумлари ҳамда буджет даромадларининг диверсификацияси республика кредит рейтингини оширувчи омил бўлиши мумкин.
Республика кредит рейтингини пасайтирувчи омиллар сифатида қуйидагилар қайд этилган:
- 2022 йилдан кейинги даврда ташқи савдо ва пул ўтказмалари пасайиши сабабли агентлик кутилмаларига нисбатан Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи захиралари заифлашса;
- давлат ва молия секторининг ташқи қарзлари ўсиш суръатларининг мўтадил даражада сақланиши бўйича агентлик кутилмаларидан фарқли ўлароқ, мазкур қарзлар тез суръатлар билан ўсишда давом этса;
- йирик давлат корхоналари молиявий ҳолатининг заифлашуви натижасида давлат шартли мажбуриятлари амалга ошса (яъни, ҳукумат давлат корхоналарининг қарзларини тўлашни бошласа).
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги