Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон халқига мурожаат

2022-12-02 | Сиёсат

Қадрли ватандошлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Бу жараёнда барча фуқароларимиз каби ногиронлиги бўлган юртдошларимизга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Бу борада чуқур инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган саъй-ҳаракатларимиз 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунидан кўзланган мақсад ва вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг эканини таъкидлаш лозим.

Дунё мамлакатлари қатори юртимизда ҳам кенг нишонланаётган мазкур сана муносабати билан мамлакатимиздаги 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган юртдошларимизга ўзимнинг самимий ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Маълумки, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ва давлат томонидан кўмак ва ёрдам бериш, уларни ижтимоий- сиёсий ҳаётга фаол жалб этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу тоифага
мансуб фуқароларни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган бир қатор тузилмалар, хусусан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ногиронлар ассоциацияси, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти самарали фаолият кўрсатмоқда.

Энг муҳими, тақдир тақозоси билан ногирон бўлиб қолган биронта ҳам юртдошимиз халқимизнинг, давлат идораларининг меҳру эътиборидан четда қолмасдан, ўзининг меҳнати ва қобилияти билан нафақат ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда, балки азму матонати, сабр-бардоши ва шукроналик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда.

Биз сизларнинг бундай олижаноб интилишларингизни юксак қадрлаймиз ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги фаол иштирокингиз учун барчангизга чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Азиз дўстлар!

Жамиятимизнинг ажралмас бир қисми бўлган ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида кейинги йилларда мамлакатимизда бир қатор қонунлар ҳамда 25 дан ортиқ бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, мустаҳкам қонуний база яратилди. Бу эса мазкур тоифа вакилларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, малакали тиббий хизматлардан фойдаланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, мухтасар айтганда, ўзларини жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этишлари учун янада қулай шароитлар яратиш имконини бермоқда.

Бугун, бутун халқимизга мурожаат қилиб, сиз, азиз ватандошларимни  бу йўналишда бошлаган хайрли ишларимизни фаол давом эттиришга чақираман. Шу мақсадда, биз барча фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун бир хил имкониятлар амал қиладиган инклюзив жамиятни барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширамиз. Шу асосда ногиронликни белгилашнинг аллақачон эскирган тиббий моделидан умумэътироф этилган ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтишни ўз олдимизга муҳим вазифа қилиб қўйганмиз.

Бундан буён бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, жамоат транспорти, ахборот ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан ҳеч бир монеликсиз фойдалана олишига бирламчи аҳамият қаратилади.

Ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларидаги қамров ҳажмини 2 баробар ошириш, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган 10 га яқин шундай марказларни кенгайтириб, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилади.

Ишонтириб айтаманки, сизлар ўзларингизни ёлғиз ҳис этмаслигингиз, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб, барча соҳа ва тармоқларда фаол иштирок этишингиз, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишингиз, маданий эҳтиёжларингизни таъминлашингиз учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, оилавий бахт-саодат ва омад тилаб қоламан.

Чуқур ҳурмат билан,

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться