Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда ҳеч ким меҳр-эътибордан бебаҳра қолмайди

2022-12-02 | Жамият

3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни

Миллати, ижтимоий, тиббий ҳолатидан қатъи назар, барчага бирдек меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш ўзбек халқи миллий фазилатларининг устувор жиҳатини ташкил этади. Кейинги йилларда халқимизнинг бу фазилати мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида ўзгача маъно-мазмун билан бойиди. 

Ўзбекистон давлат консерваториясида 3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этган ушбу тадбирга турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3 декабрь – Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар куни муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбари мурожаатида таъкидланганидек, кейинги йиллар давомида инсон қадрини энг устувор қадрият билиш, одамларнинг дардини тинглаш, ўрганиш, уларга ўз вақтида ечим топиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Барча вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимликлар мутасаддилари бевосита жойларга бориб муаммоларни ўрганиш, уларни таҳлил этиш, одамларнинг дардини тинглаш масаласини кун тартибининг устувор жиҳатига айлантирди.

Бу борада алоҳида эҳтиёжли, кўнгли ярим ҳамюртларимизни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш, уларга тезкор, оқилона, ўз вақтида тўғри ечим топиш, турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига амалий ёндашишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг жамиятга интеграциялашувини таъминлаш, улар учун зарур шароитларни яратиш масаласи қоғозда эмас, амалда ўз ифодасини топмоқда.

Юртимизда аҳолини кучли ҳимоялаш, ногиронликнинг олдини олиш, одамлар саломатлигини муҳофазалашга доир қонунчилик ҳужжатлари муттасил такомиллаштириб борилмоқда. Ижтимоий ҳимоянинг ҳеч бир давлатда бўлмаган тизими – “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” сингари ноёб ижтимоий лойиҳа амалиётга жорий этилиши муаммолар тоифасини тўғри аниқлаш, бунда алоҳида эҳтиёжли фуқароларга аниқ, мақсадли, манзилли тарзда кўмак кўрсатишнинг янги даврини бошлаб берди. 

Бугунги кунда алоҳида эҳтиёжли фуқаролар учун иш берувчилар томонидан меҳнат жамоаларида махсус квоталар ишлаб чиқилгани баробарида, таълим тизимининг барча бўғинлари, соғлиқни сақлаш соҳасида улар учун зарур имкониятлар, имтиёз ва шароитларни яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Инклюзив таълимга оид янги лойиҳалар, дастурлар амалиётга кенг жорий этилмоқда. 

Президентимизнинг шахсий ташаббуси асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ихтисослаштирилган муассасалар, Саховат, Мурувват уйлари, шифохоналар, тиббий-реабилитация марказлари, сиҳатгоҳлар тубдан реконструкция қилинмоқда. Тиббий-реабилитацияга оид илғор инновацион технологияларни жорий этиш, ногиронликнинг асоратларини камайтириш, фуқароларни соғломлаштириш бўйича янги методлар, технологиялар амалиётга кенг жорий этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг сана муносабати билан йўллаган мурожаати алоҳида эҳтиёжли ҳамюртларимизга меҳр ва эътибор кўрсатишнинг янада янги уфқларини, галдаги долзарб вазифаларни кўрсатиб бергани билан аҳамиятлидир. Бу жиҳатлар ногиронликни белгилашнинг эскирган тиббий моделидан умумэътироф этилган ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш, эндиликда бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш, жамоат транспорти, ахборот ва алоқа воситаларини ишлаб чиқаришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан ҳеч бир монеликсиз фойдалана олишига бирламчи аҳамият қаратиш каби кечиктириб бўлмас ҳаётий масалалар билан чамбарчас боғлиқдир.

Айни пайтда ногиронлиги бор шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказларидаги қамров ҳажмини икки баробар ошириш, ҳудудлардаги ўнга яқин шундай марказларни кенгайтириб, замонавий тиббий ва реабилитация ускуналари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилиши диққатга сазовордир. 

Тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.

Манба: ЎзА

Поделиться