USAID, ESKZ GLOBAL ҳамда Грузия банки томонидан ташкиллаштирилган тадбир бўлиб ўтди
Бугун, 30-ноябр куни IT Park биносида ESKZ GLOBAL ҳамда Грузия банки томонидан ташкил этилган учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувдан асосий мақсад – Ўзбекистоннинг IT соҳаси билан қизиққан грузиялик IT мутахассислари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва улар билан келажакда ўзаро манфаатли шерикчилик алоқаларини ўрнатишдан иборат.
Тадбирда Грузиянинг ALTERA, AZRY, B2CGE, INNOTEC, LEMONDO, OPTIMO, OPTIO, PAYZE, SOLVIT, WOWCHY каби компаниялари вакиллари иштирок этиб, маҳаллий компанияларга тақдимот ўтказишди. Бундан мақсад – турли йўналишларда ҳамкорликни ўрнатишдир.
Бундан ташқари, тадбирнинг расмий қисмидан сўнг B2B бизнес учрашувлари ҳам ташкил этилиб, IT Park билан ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришда томонлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Учрашувда АКТ вазири маслаҳатчиси Камола Собирова сўзга чиқиб, вазирлик ва унинг тизимида олиб борилаётган ишлар ҳамда Ўзбекистонни минтақавий IT хабга айлантириш мақсадида амалга оширилаётган ҳаракатлар хусусида меҳмонларга ахборот бериб ўтди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчиларига IT Park фаолиятига оид кўрсаткичлар, резидентлар учун яратилган имкониятлар ва эришилган ютуқлар бўйича тақдимот ҳавола этилди.
Бу каби тадбирлар IT соҳасида фаолият олиб бораётган компаниялар учун икки томонлама ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда қулай имконият ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги