Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Корея Эксимбанки делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
2022-11-25 | Иқтисодиёт
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Корея Эксимбанкининг EDCF Жамғармаси бош директори Хва Жун Со билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида Жамғарма томонидан қўллаб-қувватланган умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. Миллий онкология маркази ва Катталар учун кўп тармоқли тиббиёт клиникаси қурилиши ҳамда «Toshkent Pharma Park» кластери ҳудудида фармацевтика университетини ташкил этиш (1-босқич) лойиҳалари шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, «Тиббиёт университетини ташкил этиш» ва «Toshkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг илмий-ўқув қисмларини яратиш» (II-босқич) лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида аҳдлашув баённомасини имзолашни тезлаштириш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар, шунингдек, қарз битимларини имзолашдан олдинги тартиботларни соддалаштириш имкониятларини муҳокама қилдилар ва ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини, жумладан, минтақавий автомобиль ва темир йўл коммуникацияларини ривожлантириш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштиришни белгилаб олдилар.
Учрашув якунлари бўйича томонлар муҳокама қилинган ташаббусларни, шунингдек, 2023-2024 йилларда ҳаётга татбиқ этишга режалаштирилган янги лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги