2022 йил 15 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Жонатан Девид Хенникни қабул қилди.
Учрашув Вазирга Элчи томонидан ишонч ёрлиқлари нусхаларини топшириш маросими билан бошланди. Ўз навбатида, В.Норов Элчини лавозимга тайинлангани билан табриклади ва касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Суҳбат давомида илгари эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни, шунингдек, икки томонлама даражада ва "C5+1" шаклида бўлажак тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
Савдо-инвестиция алоқаларини ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон иқтисодиётига Америка капитали ва технологияларини жалб қилиш, тўқимачилик, фармацевтика, энергетика, АКТ жабҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш, молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.
Томонлар, шунингдек, Афғонистондаги вазият бўйича ҳам фикр алмашдилар. Ушбу мамлакатга халқаро ёрдамни кенгайтириш зарурлигига қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги