Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига
2022-11-11 | Сиёсат
Қадрли юртдошлар!
Ҳурматли касаба уюшмалари ходимлари ва фаоллари!
Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда ушбу халқчил ташкилотнинг миллионлаб аъзоларини мамлакатимизда кенг нишонланаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга юксак ҳурмат-эҳтиром ва самимий тилакларимни билдираман.
Бугунги кунда мамлакатимизда эркин ва фаровон ҳаёт, демократик жамият қуриш йўлида олиб бораётган изчил ислоҳотларимиз ва уларнинг амалий натижаларини таъминлашда касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини барчамиз эътироф этамиз.
Салкам 120 йиллик тарихга эга Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти давомида юксалиш ва пасайиш даврлари ҳам юз берган, лекин бу ташкилот ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмаган. Айниқса, сўнгги йилларда касаба уюшмалари ҳаётида янги ривожланиш босқичи бошланди, десак, муболаға бўлмайди.
Ҳозирги вақтда юртимизда касаба уюшмалари тизимида 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатиб, соҳа бўйича 6 минг 700 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар фидокорона хизмат қилмоқда.
Касаба уюшма аъзоларининг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги йилларда касаба уюшмалари тизимида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўтган даврда соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 5 минг 425 нафар ишчи-хизматчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 11 миллиард сўмга яқин маблағ ундирилгани меҳнат қонунчилигини таъминлашда касаба уюшмаларининг ўрни муҳим эканининг амалий тасдиғидир.
Шу билан бирга, меҳнат муҳофазаси бўйича 932 та корхона ва ташкилотдаги ходимларнинг ҳаёти ва меҳнати учун хавф туғдириши мумкин бўлган 5 мингдан зиёд камчиликнинг бартараф этилгани бу борада самарали тизим яратилганидан далолат бермоқда.
Касаба уюшмалари фаоллари томонидан ёз мавсуми давомида республика бўйича 400 мингдан зиёд болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилганини, 143 мингдан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, 300 дан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг тизимга қарашли сиҳатгоҳларда имтиёзли тарзда соғломлаштирилганини алоҳида қайд этиш лозим.
Жорий йилда Фарғона вилояти Сўх туманида замонавий болалар оромгоҳи ва Тошкент вилоятининг Паркент туманида “Заркент” санаторийси барпо этилди. Айниқса, касаба уюшмалари куни арафасида Бўстонлиқ туманидаги Чимён туристик зонасида фойдаланишга топширилган “Севарсой” санаторийси юртимиз меҳнаткашлари учун ўзига хос байрам совғаси бўлди.
Шунингдек, 100 йилдан ортиқ тарихга эга, ўз вақтида миллий санъатимиз ва жаҳон маданиятининг машҳур дарғалари ўзининг бетакрор ва ёрқин истеъдодини намоён этган Тошкент шаҳри марказидаги собиқ маданият маскани бугун янги қиёфа касб этиб, “Касаба уюшмалари саройи” сифатида қайта бунёд этилди. Ушбу санъат кошонаси касаба уюшмаларининг саъй-ҳаракати билан ўзбек маданияти ва санъатини янада равнақ топтириш, ёш авлодимизнинг маънавий дунёсини юксалтиришдек эзгу ишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади, деб ишонаман.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ташкил этилгани соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва меҳнат муносабатларини илмий тадқиқ қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгадир.
Кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг хорижий мамлакатлардаги турдош ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани мамлакатимиз нуфузини жаҳон миқёсида тараннум этишга хизмат қилмоқда. Хусусан, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат кенгашига монанд тарзда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан тузилган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари кенгаши минтақа мамлакатларининг меҳнаткашлари ўртасида дўстлик ва бирдамлик, ўзаро манфаат ва ишонч тамойилларига асосланган яқин қўшничилик муносабатларини жадал ривожлантириш учун ўзига хос мулоқот майдони вазифасини бажариб келмоқда.
Шуни қайд этиш лозимки, ҳозирги кунда касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Бунинг сабабини, энг аввало, ташкилотнинг халқ ичига чуқур кириб бораётгани, одамларнинг оғирини енгил қилиш, эл-юрт хизматига камарбаста бўлишни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олганида, деб биламиз.
Ўтган давр мобайнида “Аёллар дафтари” тизими орқали мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар билан биргаликда 1,5 миллионга яқин опа-сингилларимизнинг муаммоларини “фуқаробай” асосда ўрганиб, ҳал этишда касаба уюшмалари алоҳида ташаббус ва жонбозлик кўрсатмоқда. Бу борада Федерация қошида ташкил этилган “1211” ишонч телефонига хотин-қизлар томонидан келиб тушган 130 мингга яқин мурожаатларда билдирилган масалаларнинг ҳал этилгани ҳам шундан дарак беради.
Кооперация усулидаги тадбиркорлик тажрибасини оммалаштириш бўйича ишга туширилган 924 та лойиҳа орқали 100 мингдан ортиқ аҳоли, жумладан, 73 мингга яқин аёлларимиз иш билан таъминланди.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ҳамда меҳнат жамоалари аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ишларида фаол иштирок этаётган сиз, азизларга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.
Ҳурматли дўстлар!
Барчамизга маълумки, мамлакатимиз касаба уюшмалари ўз сафларида 5,5 миллиондан зиёд ходимларни бирлаштирган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади. Унинг аъзолари сони доимий тарзда кўпайиб бормоқда. Шунинг учун ҳам касаба уюшмалари куни республикамизнинг барча ишчи-ходимлари томонидан муҳим сана сифатида кенг нишонланади.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган, инсон қадри ва унинг шаънини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсатнинг амалий намоёни сифатида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига меҳнаткашлар байрами, умумхалқ байрами мақомини бериш ва ушбу кунни дам олиш куни деб белгилашни таклиф этаман.
Бугунги мураккаб ва шиддатли давр корхона ва ташкилотларда ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришни тақозо этмоқда ва сиз, азизлар бу борада ҳар томонлама фаоллик кўрсатасиз, деб ишонаман.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Ҳурматли касаба уюшмалари ходимлари!
Давлатимиз ва жамиятимиз томонидан бундан буён ҳам доимий қўллаб-қувватлаш асносида ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг иш ҳақи миқдорини ошириб бориш бўйича барча имкониятлар сафарбар этилади.
Чунки самарали меҳнат қилиш ва унинг роҳатини кўриш – ҳар бир инсон ҳаётининг маъно-мазмунидир.
Ўз олдимизга қўйган улкан ва эзгу вазифаларни амалга ошириш, “Эл азиз, инсон азиз” деган олижаноб ғояни юртимиздаги ҳар бир корхона ва ташкилотда қарор топтириш, меҳнатни фаровонлик ва бахт манбаига айлантириш кўп жиҳатдан касаба уюшмалари ва уларнинг самарали фаолиятига ҳам боғлиқдир.
Барчангизни бугунги қутлуғ айём – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан яна бир бор самимий табриклаб, хонадонларингизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, масъулиятли ва шарафли ишларингизда эса янги ютуқлар ёр бўлишини тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти