Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқи

2022-11-11 | Сиёсат

Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Қадрли дўстлар!

Сизларни Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлган азим Самарқанд шаҳрида кўриб турганимдан ғоят мамнунман.

Янги ном олган Туркий давлатлар ташкилотининг Саммитида иштирок этаётганингиз учун барчангизга алоҳида ташаккуримни изҳор этаман.

Ўзбекистон заминига хуш келибсиз, азиз дўстлар!

 

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Авваламбор, жаҳон халқлари учун дўстлик ва тинчлик тимсоли, илм-фан ва маърифат ўчоғи бўлган Самарқанд шаҳрини “Туркий цивилизация пойтахти” деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаганингиз учун Сизларга самимий миннатдорчилик билдираман.

Маълумки, қадим туркий замин минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, дунё маданиятларини бойитиб келган.

Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ана шундай бебаҳо меросни сақлаб қолиш, уни чуқур ўрганиб, келгуси авлодларимизга безавол етказиш барчамиз учун энг асосий вазифадир.

Бугунги саммитимизнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, кўп минг йиллик тарихимиз давомида туркий оиламиз мана шундай тўлиқ шаклда, янгиланган ташкилотимиз доирасида йиғилиб турибди.

Ҳеч шубҳасиз, “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида барчамиз биргаликда мутлақо янги юксалиш босқичига қадам қўймоқдамиз.

 

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Бугунги кунда барчамиз кескин геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари билан боғлиқ мураккаб синовларни бошимиздан кечирмоқдамиз.

Шу сабабли ҳозирги таҳликали вазиятда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир.

Биз ҳар қандай қийинчиликларни дўстлик, ҳамкорлик ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаш орқали енгиб ўтишга қодирмиз.

Сўнгги бир йил давомида Ташкилотимизга Туркиянинг раислиги чоғида турли йўналишлар бўйича анча ишлар амалга оширилгани, ўзаро ҳамкорлигимиз янада фаоллашганини алоҳида эътироф этмоқчиман.

Ўзбекистон ҳам ўз раислиги даврида “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ҳамда бугун қабул қилинаётган “Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси”ни самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилотимиз нуфузини янада мустаҳкамлаш, ва энг асосийси – тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш ниятидамиз.

 

Ҳурматли ҳамкасблар!

Биз саммитга тайёргарлик кўриш жараёнида Ташкилотимиз фаолиятини чуқур таҳлил қилдик.

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни ривожлан-тириш учун биргаликда салмоқли ишлар қилинганини эътироф этиш лозим.

Шу билан бирга, ҳали катта салоҳият ва улкан имкониятларимиз тўлиқ ишга солинмаётгани ҳам, айни ҳақиқатдир.

Аввало, ҳамкорлигимизнинг савдо-иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлашимиз мақсадга мувофиқ.

Мамлакатларимизнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдо-мизнинг атиги 4 фоизини ташкил этади.

Унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келмоқда. Албатта, бундай ҳолат ҳеч биримизни қониқтирмайди.

Бундан ташқари, давлатларимиз орасида айрим импорт божхона тарифлари юқори бўлиб қолмоқда.

Бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун, Ташкилотимиз доирасида “янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини”ни барпо этиш ташаббусини илгари сурамиз.

Ана шу режамизга эришиш учун, Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этаман.

Форум доирасида “давлат ва бизнес” форматида қўшма тадбирлар, тадбиркорлар учрашувлари ва “давра суҳбат”лари, инновацион лойиҳалар тақдимотлари ва кўргазмаларни ўтказиш катта амалий натижа беради.

Ушбу тадбирлар якунлари бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қара-тилган йиллик “Йўл хариталари”ни қабул қилишимиз муҳим бўлади.

Бу ишларимиз, энг аввало, ўзаро савдони кескин ошириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш,

қўшилган қиймат узлуксиз занжирларини яратиш, юқори технологик кластерлар ва венчур ширкатларни ташкил этишга қаратилади.

Шу ўринда, биз Қўшма инвестиция фондини ишга тушириш таклифини ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Кун тартибидаги яна бир стратегик аҳамиятга эга бўлган долзарб масала – бу транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш.

Жумладан, биз транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапираяпмиз, аммо сезиларли натижаларга эришиш учун анча ишлар қилишимиз керак.

Мисол учун: Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали 10 фоиз ташқи савдо юкларини ташимоқда.

Биз транспорт ва транзит салоҳиятимизни тўла ишга солиш учун нималар қилишимиз керак, Қандай қўшимча чоралар кўриш керак, уларни қайси муддатда ва кимлар амалга оширади, деган саволларга жавоб топишимиз лозим.

Бу борада бугун қабул қилинаётган Дастур асосида транспорт вазирларимиз томонидан йил охирига қадар қўшма ҳамкорликнинг аниқ режа ва самарали механизмларини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Асосий эътиборни минтақамиздаги транзит коридор-ларининг рақобатбардошлигини ошириш, бизнес учун энг мақбул тарифларни жорий этиш ва замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга қаратмоғимиз керак.

Шу ўринда, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган авто-транспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига Ташкилотимиз давлатларини ҳам қўшилишга чақирамиз.

Бу йил Тошкентда ўтказилган Биринчи Туркий агрофорум озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ниҳоятда катта салоҳиятимиз борлигини яққол кўрсатди.

Ташкилотимизнинг нафақат ўз мамлакатларимизни, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти бор.

Шу билан бирга, бу йўналишда амалий қадамларимизни янада кучайтиришимиз ва аниқ лойиҳалар асосида ҳамкорлигимизни чуқурлаш-тиришимиз лозим.

Хусусан, қуйидагиларни таклиф этаман.

Биринчидан, глобал ва ички бозорларимиз эҳтиёжлари, давлат-ларимизнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш самарали тизимини яратиш бўйича Ташкилотимиз доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш вақти келди.

Иккинчидан, соҳага инновациялар, замонавий билим ва илғор технологияларни жадал олиб кириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида кенг қамровли шерикликни ўрнатиш муҳим.

Учинчидан, ижобий тажриба асосида, Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида “Смарт” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ташкил этиш.

 

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Ўзбекистон таклифи билан 2022 йил Туркий давлатлар ташкилоти доирасида “Ёшлар ташаббус-ларини қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинган эди.

Унинг доирасида Бухоро шаҳри – Туркий дунё ёшлар пойтахти мақомига эга бўлди.

Ёш авлодни ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш мақсадида бошлаган хайрли ишларимизни изчил давом эттириш ниятидамиз.

Келгуси йили юртимизда Туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказишни таклиф этаман.

Унинг доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли ўғил-қизларимиз, Ташкило-тимиз оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этишни кўзда тутмоқдамиз.

Бу ишларимизга тизимли тус бериш ва натижадорликни таъминлаш мақсадида Ташкилот Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозиминини жорий этиш айни муддао бўлар эди.

Яна бир устувор йўналиш – минтақамизда хавфсизликни ишончли таъминлашдир.

Сўнгги пайтларда жаҳоннинг турли нуқталаридаги зиддиятли воқеалар туркий дунёнинг умумий хавфсизлигига ҳам таъсир ўтказаяпти.

Бундай мураккаб вазиятда терроризм, экстремизм, ёшларнинг радикаллашуви, одам савдоси, наркотрафикка қарши курашиш, жамоат ва кибер-хавфсизликни таъминлаш соҳаларида

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус хизматларимиз доимий алоқада бўлиши ҳамда ҳамкорликни кучайтириши лозим.

Шу билан бирга, Ташкилотимиз давлатлари Хавфсизлик кенгаши котибларининг навбатдаги йиғили-шини Ўзбекистонда ташкил этишга тайёрлигимизни билдирамиз.

Эътиборингизни яна бир долзарб масалага қаратмоқчиман.

Бугунги кунда ён қўшнимиз Афғонистондаги мураккаб вазият барчамизни албатта жиддий ташвишга солади.

Бу мамлакатдаги мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш масаласи ҳеч қачон назаримиздан четда қолмаслиги керак.

Афғон масаласи бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш мақсадида ташқи ишлар вазирларимиз мулоқотларини мунтазам ўтказиб бориш тарафдоримиз.

 

Қадрли дўстлар!

Мен бугун Ўзбекистоннинг Туркий маданият халқаро ташкилотига тўлақонли аъзо бўлганини эълон қилишдан мамнунман.

Ўзининг 30 йиллигини нишонлаётган ташкилот доирасида келгуси йили Туркий халқлар маданияти фестивалини ўтказиш таклифини тўлиқ маъқуллаймиз.

Биз яқинда Ташкилотимизга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар адабиётининг сара намуналаридан иборат 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламини ўзбек тилида нашр қилдик.

Ушбу бебаҳо маънавий хазинани барча аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп этсак, қардош элларимизни, авваламбор, ёш авлод-ларимизни ўзаро яқинлаштириш учун мустаҳкам замин яратган бўлар эдик.

Йиғилишимиз доирасида туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот биринчи марта тантанали равишда топширилиши барчамизни чексиз қувонтиради.

Мазкур мукофотни ҳар йили бериб бориш тўғрисидаги таклифимизни қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонамиз.

 

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини янги сифат босқичига кўтариш, унинг нуфузини янада ошириш, ҳамкорлигимиз салоҳиятини тўлиқ ишлатиш, қабул қилинаётган қарорларимиз ва келишувларимиз ижросини таъминлаш энг долзарб вазифамиздир.

Ташкилотимиз доирасида жуда кўп тузилмалар ва турли механизмлар ташкил этилган бўлиб, кўплаб вазирлар даражасида йиғилишлар, бошқа тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Лекин, очиқ тан олишимиз керак, буларни тизимли мувофиқлаштириш ва натижадорлигини таъминлаш борасида ҳали анча иш қилишимиз керак.

Ташкилотимиз келгусида мутлақо янги, самарали тизим асосида ишлаши учун умумий саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз зарур, деб ўйлайман.

Шу мақсадда, Ташкилотда институционал ислоҳотлар ўтказишни таклиф этамиз.

Бунда, энг аввало, устувор йўналиш-ларимиз бўлган сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот технологиялари, туризм, инновация ва таълим, тиббиёт, ёшлар ва бошқа соҳалар бўйича вазирлар даражасида алоҳида қўмиталар тузишни таклиф қиламан.

Уларнинг фаолиятига эксперт ва олимларни, жамоатчилик ва хусусий сектор вакилларини фаол жалб этилиши катта самара бериши шубҳасиз.

Бундан ташқари, Ташкилотимиз Котибиятининг ўрни ва таъсирини кескин оширишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

У ҳар бир йўналиш бўйича ишни самарали ташкил қилиши, кўп томонлама сермаҳсул ҳамкорлигимиз-нинг таъсирчан кучига айланиши керак.

Бугун бу ерда билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, Котибиятнинг янги тузилмасини келгуси саммитимизда тасдиқлаймиз, деб ишонаман.

Яна битта масала – бу давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинаётган барча қарор ва ҳужжатларнинг қатъий назорат тизимини кучайтириш билан боғлиқ.

Бу жараёнга Ташкилотимиз оқсоқоллар кенгашини жалб этиб, уларнинг бой тажриба ва малакасидан унумли фойдаланишимиз керак, деб ҳисоблайман.

 

Ҳурматли дўстлар!

Туркий дунёмизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихи, улуғ аждодлари ва беқиёс бойликлари бор.

Ва мен ишонаман, Туркий дунёни буюк келажак кутмоқда.

Бу келажакни, ҳеч шубҳасиз, меҳнаткаш, бағрикенг ва олижаноб халқларимиз билан биргаликда яратамиз.

Кўҳна Самарқанд шаҳридаги саммитимиз эса, туркий дунё цивилизациясининг замонавий тарихида янги юксалиш босқичини бошлаб беради.

бугун ана шундай эзгу ғояни ўзида ифода этган Самарқанд декларацияси ҳам қабул қилинади.

Шунингдек, ташкилотимиз доирасида 2023 йилни Туркий цивилизациянинг юксалиш йили, деб эълон қилиш таклифимизни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур билдираман.

 

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимиз номидан Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга ва дўст Қозоғистон халқига яқинда бўладиган муҳим сиёсий тадбир – Президент сайлови муваффақиятли ўтишини тилаймиз.

Ишонамизки, донишманд қозоқ эли ўз мамлакатининг тинчлиги ва тараққиёти, олиб борилаётган муҳим ислоҳотларнинг бардавомлиги учун овоз беради.

Сўзимнинг якунида Ташкилотимиз Бош котиби сифатида ўз фаолиятини якунлаётган Бағдод Амреев жанобларига ҳам алоҳида миннат-дорчилик изҳор этаман.

Келгуси ишларингизда Сизга ютуқ ва омад ёр бўлсин.

Янги Бош котиб, тажрибали дипломат Қуваничбек Омуралиев жанобларини лавозимга киришаётгани билан ҳам чин дилдан муборакбод этаман.

Сизга масъулиятли фаолиятингизда катта зафарлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться