Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш динамикасини белгилаб бермоқда
2022-11-09 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида Ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодиёт ва савдо вазирларининг кўп томонлама муносабатлар доирасидаги кенг кўламли йўналишларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиш ва савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва логистика соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш бўйича навбатдаги тадбирларни ишлаб чиқишга бағишланган 11-йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашувда Ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларининг иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни кучайтиришнинг энг самарали йўлларини аниқлаш, жумладан, савдо, сармоя, транспорт соҳасидаги ташаббусларни амалга ошириш ва кўп томонлама муносабатларнинг бошқа механизмларини қўллашга доир фикр мулоҳазалар алмашилди.
Инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Йирик қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўладиган Туркий давлатлар ташкилотининг Инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни имзолашни тезлаштириш бўйича келишувга эришилди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, кўп томонлама савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни, яъни Ташкилот доирасида ўзаро савдони ошириш бўйича умумий комплекс ёндашувларни амалга оширишни кўриб чиқдилар. Бўлажак биринчи Саммит доирасида имзоланиши режалаштирилган «Савдога кўмаклашиш стратегияси»ни амалга ошириш бўйича энг фаол чора-тадбирларни кўришга тайёрлик билдирилди.
Мулоқот чоғида кўп томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинди. Иштирокчилар ушбу йўналишнинг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда транспорт йўлаклари, божхона ва чегара ўтказиш пунктлари ва логистика марказларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича аъзо давлатлар ва Ташкилот кузатувчиларининг ягона ёндашуви бўйича келишувларга эришдилар. ТДТ доирасида транспорт-логистика жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини янада кенгайтириш ва ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Алоҳида тартибда иқтисодиётга инновациялар ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшма режалар кўриб чиқилди. Иқтисодиётнинг турли тармоқлари, ижтимоий соҳа ва ҳудудларни ривожлантиришда рақамлаштириш ва электрон ҳукумат тизимини жорий этиш даражасини ўрганиш ва баҳолаш бўйича келишувга эришилди, шунингдек, бу борадаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришнинг асосий мезонлари ва босқичлар белгилаб олинди.
Вазирлар суҳбатининг бир қисми Ташкилот доирасидаги 2022-2026 йилларга мўлжалланган Стратегияни муҳокама қилишга бағишланди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий ва хавфсизлик соҳаларини ривожлантиришни қамраб олувчи дастурий ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш бўйича келишувга эришилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли амалий чора-тадбирлар кўришга ўзаро содиқлик билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги