Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
2022-11-07 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнини халқаро стандартларга мослаштириш ва бошқарув тизимини рақамлаштириш, педагогик ва илмий салоҳиятни янада ошириш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари сифатини тубдан яхшилаш, илғор хорижий спорт-таълим технологияларининг трансферини амалга ошириш орқали юқори натижаларга эришиш мақсадида:
1.Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (кейинги ўринларда – Университет) ҳамда унинг филиалларида:
таълим дастурлари халқаро рейтингда юқори бўлган хорижий олий таълим муассасасининг дастурига кўра шакллантирилсин, жаҳондаги етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда талабаларнинг академик алмашинувини таъминлаш ҳамда таълим олишига кенг шароит яратиш учун бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари аккредитациядан ўтказилсин;
талабаларда спорт маҳоратини доимий равишда юксалтириш ҳамда уларнинг персоналтраекториялар бўйича вариатив (ўзгарувчан) ўқув режалари асосида таълим олишлари учун ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида ташкил этилиб, мазкур тизим 2024/2025 ўқув йилига қадар тўлиқ жорий қилинсин;
2024/2025 ўқув йилига қадар барча бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига оид малака талаблари қайта кўриб чиқилсин, шу жумладан, битирувчи бакалавр ва магистрантларнинг билими, маҳорати ва педагогик кўникмаларини баҳоловчи компетенцияларни сертификатлаш тизими жорий қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Университет ва унинг филиалларида:
бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари халқаро стандартлардан келиб чиқиб мақбуллаштирилади ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари 1-иловага мувофиқ жорий қилинади;
“Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишига камида иккинчи спорт разрядига эга бўлган, “Спорт турининг алоҳида йўналишлари” магистратура мутахассислигига эса камида Ўзбекистон спорт усталигига ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод спорт разрядига эга бўлган абитуриентлар қабул қилинади;
ўқув машғулотлари ва маҳорат дарсларини ўтказиш ҳамда ўқув жараёнида иштирок этиш учун спорт федерация (ассоциация)ларининг етук малака ва тажрибага эга бўлган мутахассислари жалб қилинади;
“Менежмент (жисмоний тарбия ва спорт менежменти)”, “Менежмент (спорт тадбирларини ташкил этиш ва бошқариш)” ва “Маркетинг (спорт маркетинги)” бакалавриат таълим йўналишлари битирувчи талабаларининг амалиёти яшаш ҳудудидаги маҳаллаларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-201-сон қарорида белгиланган тегишли спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақаларини ташкил қилиш орқали амалга оширилади;
иқтидорли (қоида тариқасида, аъло баҳоларга битирган) битирувчиларнинг битирув олди амалиёти уларни миллий терма жамоаларнинг хорижда ўтказиладиган ўқув-йиғин машғулотлари ҳамда халқаро мусобақалар жараёнига жалб этиш орқали ташкил этилади;
талабаларнинг ўзлаштирган билими, малака ва кўникмаларини амалиётда қўллаш даражасидан келиб чиқиб, иқтидорли битирувчиларга спорт бўйича ҳакам ҳамда иккинчи тоифали тренер малака тоифасини белгиловчи гувоҳнома берилади.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Университет ва унинг филиалларида ҳамда бошқа олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги таълим йўналишларида қуйидагилар касбий (ижодий) кириш имтиҳонларини топширишдан озод қилинади ва уларга максимал балл берилади:
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи фахрий унвонига эга бўлган спортчилар;
Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ёки халқаро гроссмейстер спорт унвонига эга бўлган спортчилар;
Ўзбекистон спорт устаси ёки Ўзбекистон гроссмейстери спорт унвонига эга бўлган спортчилар;
Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича республика чемпионатларида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган спортчилар. Бунда, мазкур спортчилар вариатив (ўзгарувчан) ўқув режалари асосида ўқитилади, шунингдек, улар маҳаллаларда спорт тўгаракларини очиш ва бошқариш, спорт тадбирларини ташкил қилиш, ёшлар ўртасида спортнинг афзалликларини тарғиб қилиш ишларига жалб қилинади.
4.Жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида 2023 йил 1 январдан бошлаб Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жорий қилинсин.
Белгилансинки, Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендияси жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари учун кадрлар тайёрловчи ҳар бир олий таълим муассасасининг бир нафар юқори курс талабасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 5 февралдаги “Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида”ги ПФ-555-сон Фармонида белгиланган талаблар асосида тайинланади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда Бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ҳамда уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
5. Университет Кузатув кенгаши Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда илмий фаолиятни ривожлантириш бўйича кузатув кенгаши (кейинги ўринларда – Кузатув кенгаши) этиб қайта номлансин, шунингдек, унинг янгиланган таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Университет филиаллари, Олий спорт маҳорати институти ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институтининг (кейинги ўринларда – Институт) фаолияти Кузатув кенгаши томонидан мувофиқлаштирилади.
Кузатув кенгаши зиммасига Университет ва унинг филиаллари, Олий спорт маҳорати институти ва Институтнинг бошқарув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий фаолиятини самарали ташкил қилиш, таълим сифатини яхшилаш, таълим жараёнини такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш вазифалари юклатилсин.
6. Кузатув кенгаши (А.Икрамов) юклатилган вазифалар билан бир қаторда қуйидаги манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин:
Университетнинг жозибадорлигини ошириш учун жаҳондаги етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, шаффоф қабул жараёнини ташкиллаштириш, таҳсил олаётган хорижий талабалар сонини 2 бараварга кўпайтириш;
Университетда олимпия спорт фаолияти бўйича йўналишлар сонини 20 фоизга, ноолимпия спорт фаолияти бўйича йўналишлар сонини 60 фоизга ошириш;
Университет профессор-ўқитувчиларининг касбий компетенцияларини доимий ривожлантириб бориш мақсадида ҳар йили камида 10 нафар профессор-ўқитувчиларнинг хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташи тизимини йўлга қўйиш ва таълим жараёнига хорижий давлатларнинг етакчи профессор-ўқитувчиларини жалб қилиш;
2025 йилга қадар Университетнинг халқаро тан олинган ташкилотларнинг (QS ёки TНE) соҳавий, минтақавий ёхуд тематик рейтингларига киритилишига эришиш ҳамда 2030 йилга қадар Университетни халқаро тан олинган ташкилотларнинг (QS ёки TНE) олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1 000 талик рўйхатига киритиш;
Университетда фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, уларнинг самарадорлигини ошириш, илм-фаннинг ишлаб чиқариш билан интеграциясини кучайтириш орқали илмий салоҳиятни 1,7 бараварга кўпайтириб, 45 фоизгача етказиш;
Университет профессор-ўқитувчиларининг илмий-услубий фаолияти натижадорлигини дарсликлар сони бўйича 1,8 бараварга, ўқув қўлланмалар сони бўйича 1,8 бараварга, Scopus ва Web of Science маълумотлар базасига киритилган мақолалар сони бўйича 4,4 бараварга ошириш;
Университет ва Институтда замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини яхшилаш (функционал, биокимёвий, психодиагностик, биомеханик, генетик ва бошқа лабораториялар), уларни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, ягонакутубхона фондини шакллантириш орқали фондни 60 фоизга янгилаш;
Университет спорт объектларида терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинлари ва спорт мусобақаларини ижара шартлари ва пуллик асосда ўтказиш орқали пуллик хизматларни ривожлантириш, бюджетдан ташқари маблағлар миқдорини кўпайтириб бориш.
7. Қуйидагилар:
2022-2025 йилларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) 3-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети фаолиятини комплекс ривожлантириш дастури 4-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети томонидан янги ишланма ва технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш дастури 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кузатув кенгаши (А.Икрамов) ҳар бир мақсадли кўрсаткичга (индикаторга) эришиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин, ўз йиғилишларида мазкур масалани муҳокама қилиб борсин.
8.Университет тузилмасида 2023 йил 1 январдан бошлаб Компетенцияларни баҳолаш маркази ташкил қилинсин.
Белгилансинки:
Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимидаги спорт-таълим ва олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, тренерлари, методистлари, бошқа ходимлари ҳамда битирувчиларининг билим ва амалий кўникмалари даражасини баҳолаш, уларнинг педагогик ва илмий салоҳиятини янада ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш Компетенцияларни баҳолаш марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади;
Компетенцияларни баҳолаш маркази бевосита Кузатув кенгаши томонидан бошқарилади ҳамда унинг фаолияти Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
Кузатув кенгаши Компетенцияларни баҳолаш маркази фаолиятини самарали ташкил қилиш учун барча зарур чора-тадбирларни кўради, шу жумладан, хорижий технологиялар трансфери орқали илғор тажрибани жорий қилади.
9. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Самарқанд шаҳрида “Россия давлат жисмоний тарбия, спорт, ёшлар ва туризм университети” федерал давлат бюджети олий таълим муассасасининг филиали фаолияти тугатилаётганлиги муносабати билан мазкур университетнинг етакчи профессор-ўқитувчиларини Университет ва унинг филиаллари, Олий спорт маҳорати институти ҳамда Институтга жалб қилиш чора-тадбирларини амалга оширсин.
10.Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Институт зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида, шу жумладан, спорт биомеханикаси, физиологияси, фармакологияси ва генетикаси бўйича фундаментал, амалий ва инновационтадқиқотлар ўтказиш, уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш;
аҳолининг ёш хусусиятидан келиб чиқиб, жисмоний ривожланиши ва жисмоний тайёргарлигини илмий асосда ўрганиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
спорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоалари (ёшлар, ўсмирлар ва катталар) аъзоларининг ҳамда спорт-таълим муассасалари спортчи ўқувчи ва талабаларининг жисмоний ривожланиши ва тайёргарлиги, функционал ҳолати, техник-тактик ва психологик тайёргарлигини илмий жиҳатдан ўрганиш, мониторинг қилиш ва истиқболини белгилаш;
илмий-инновацион фаолият натижаларининг трансфери ва уларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни жорий этиш орқали ёшлар, олимлар ва профессор-ўқитувчиларни жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг илмий-техник муаммоларини ҳал этишга жалб қилиш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги халқаро ва маҳаллий ташкилотларнинг олимлари, мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, учрашувлар, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ва анжуманлар, танловлар ўтказиш.
11.Қуйидагилар:
2022-2025 йилларда Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти фаолиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) 6-иловага мувофиқ;
Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти фаолиятини янада такомиллаштириш дастури 7-иловага мувофиқ;
Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти томонидан янги ишланма ва технологияларни яратиш ва жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш дастури 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кузатув кенгаши (А.Икрамов) ҳар бир мақсадли кўрсаткичга (индикаторга) эришиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин, ўз йиғилишларида мазкур масалани муҳокама қилиб борсин.
12. Белгилансинки:
Спортни ривожлантириш вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасалар Институтнинг ишлари ва хизматлари (товарлари) бўйича асосий буюртмачи ҳисобланади;
спортни ривожлантириш вазири, зарур ҳолларда, Институтнинг ташкилий тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади;
Институт республикадаги барча жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ташкилотлар ва муассасалар учун базавий илмий-тадқиқот ташкилоти ҳисобланади, Кузатув кенгаши (А.Икрамов) Институтнинг илмий ютуқлари ва инновацион ишланмалари жойларда амалиётга жадал татбиқ этилишига кўмаклашади;
Институт директори спортни ривожлантириш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
13.Спортни ривожлантириш вазирига:
Институт ходимларининг лавозим маошларига (тариф ставкаларига) асосий эгаллаб турган лавозими бўйича, қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган бошқа қўшимчалар ва устамалардан қатъи назар, Спортни ривожлантириш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан устамалар белгилаш;
Институтни замонавий илмий-тадқиқот лаборатория қурилмалари, асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун халқаро молия институтлари ҳамда ташкилотлари грантлари, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш;
Институт тадқиқотчилари ва мутахассисларининг хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида малака ошириши ва стажировка ўташи қиймати ҳамда шу билан боғлиқ харажатлар учун тўловларни амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.
14. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Институтда “Спорт турининг алоҳида йўналишлари” магистратура мутахассислиги бўйича таълим фаолиятини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.
Бунда, Институтга талабаларни “Спорт турининг алоҳида йўналишлари” магистратура мутахассислигига қабул қилиш квоталари ҳар йили Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги “Спорт турининг алоҳида йўналишлари” магистратура мутахассислиги бўйича кадрларни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида тайёрлашни йўлга қўйсин.
15.2023 йил 1 январдан бошлаб Институтда “Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси” ихтисослиги бўйича педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини берувчи Илмий кенгаш ташкил қилинсин.
16.Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов):
Институтда жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг долзарб йўналишларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси белгиланган тартибда шакллантирилишини;
илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида танлов ва илмий экспертиза натижаларига кўра Институтга грантлар ажратилишини;
2023 йил якунига қадар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Институтнинг илмий ва инновацион лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, лаборатория жиҳозларини харид қилиш учун маблағлар ажратилишини таъминласин.
17.Университет ва унинг филиаллари, Олий спорт маҳорати институти ҳамда Институт фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўқув-илмий ҳамжамият ташкил қилинсин.
Белгилансинки, Ўқув-илмий ҳамжамиятда Университет ва унинг филиаллари, Олий спорт маҳорати институти ҳамда Институт профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари, спорт-таълим муассасалари, спорт федерация (ассоциация)лари ва илмий-тадқиқот институтларида самарали фаолият юритаётган олимлар ва экспертлар томонидан яратилаётган ишланмалар ва методикалар тажрибадан ўтказилади.
Спортни ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Ўқув-илмий ҳамжамият фаолиятини самарали ташкил қилсин, шу жумладан:
спорт-таълим муассасалари, спорт федерация (ассоциация)лари ва илмий-тадқиқот институтларини Ўқув-илмий ҳамжамиятга бириктирсин;
яратилаётган ишланмалар ва методикаларнинг самарадорлигини аниқлаш мақсадида спорт-таълим муассасалари, спорт федерация (ассоциация)лари ва илмий-тадқиқот институтлари таркибидан илмий-амалий гуруҳ шакллантирсин;
илмий-амалий гуруҳни мазкур қарор билан тасдиқланаётган янги ишланма ва технологияларни яратиш ва жорий этиш лойиҳаларини рўёбга чиқаришга жалб қилсин.
18.Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиаллари, Олий спорт маҳорати институти ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институтининг ўқитувчилари ва илмий ходимларини хорижий олий таълим муассасаларига фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини ҳимоя қилиш учун юбориш жадвали 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки:
хорижий олий таълим муассасаларига фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини ҳимоя қилиш учун педагогик-илмий фаолият билан шуғулланаётган, магистрлик даражасига эга бўлган иқтидорли ва самарали фаолият кўрсатаётган ходимлар очиқ танлов асосида юборилади;
хорижий олий таълим муассасаларига ўқитувчи ва ходимларни фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини ҳимоя қилиш учун юбориш билан боғлиқ харажатлар “Эл-юрт умиди” жамғармасига хорижда докторантурада таълим олиш дастурларини молиялаштириш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.
Ташқи ишлар вазирлиги (В.Норов) Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) билан биргаликда:
уч ой муддатда мазкур қарорга 9-иловада кўрсатилган хорижий олий таълим муассасалари билан музокаралар ўтказсин ва бошқа ташкилий тадбирларни келишсин;
номзодлар хорижий мамлакатларга виза олишида, консуллик ҳисобига қўйилишида, нотариал ва бошқа хизматлар кўрсатилишида, борган давлатида уларнинг ўқишини мониторинг қилишда амалий ёрдам кўрсатсин.
19.Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов) 2023 йил 1 январдан бошлаб илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ ўтказиладиган танловларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига оид, хусусан оммавий спорт, хотин-қизлар спорти ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш муаммоларига йўналтирилган камида 10 та мақсадли фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларга грант маблағлари ажратсин. Лойиҳа ижрочилари грант лойиҳалари тадқиқотларидан келиб чиқиб ажратиладиган маблағлар ҳисобидан илмий лаборатория базасини ривожлантириш, илғор технологик жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда соҳага оид илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш чораларини кўрсин.
20.Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида 2025 йилда Ёшлар ўртасида IV ёзги Осиё ва V Параосиё ўйинларини ташкил этиш учун қурилаётган Олимпия шаҳарчасига ушбу ўйинлар ўтказилгандан сўнг Спортни ривожлантириш вазирлиги, тегишли республика спорт федерация (ассоциация)лари ҳамда 2025 йилда ўз фаолиятини бошлайдиган Ўзбекистон давлат спорт академияси жойлаштирилсин.
Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар Олимпия ва Паралимпия ўйинларига мезбонлик қилган хорижий давлатлар (Хитой, Россия, Корея ва бошқалар)нинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда Ўзбекистон давлат спорт академияси фаолиятини ташкил қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
21. Спортни ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
22.Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 10-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
23. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спортни ривожлантириш вазири А.И.Икрамов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси О.Қ.Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 3 ноябрь
Манба: ЎзА