Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент ташаббуси амалда: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси давом этмоқда
2022-11-02 | Жамият
Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 11 октябрь куни маҳаллаларни обод қилиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бу йил якунигача 75 миллион дона, келгуси йил баҳор ойларида яна 125 миллион дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш вазифаси қўйилди. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб 20 октябрдан 1 декабргача кўчат экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
– Президентимиз раислигида ўтказилган селектор йиғилишидан кейин берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил куз мавсумида “Яшил макон” умуммиллий” лойиҳаси доирасида Навоий вилояти бўйича жами 5 миллион 274 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар ҳамда қаламчалар экиш режалаштирилиб, аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилди, – дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Хайрулло Бақоев. – Жумладан, умумфойдаланиш автомобиль йўллари, туман-шаҳар ички йўллари ва йўл ёқасига 53 минг дона, қишлоқ хўжалиги ерларига ва эхотазорлар барпо этиладиган ерларга 2 миллион 167 минг дона, фермер хўжаликлари ерларига 1 миллион 916 минг дона, ижтимоий соҳа объектлари ҳудудларига 126 минг дона, корхона ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ҳудудларига 193 минг дона, ободонлаштириш бошқармасига қарашли ҳудудларга 197 минг дона ва маҳаллаларга 623 минг дона мевали ва манзарали дарахт ва буталар экиш режалаштирилган.
“Долзарб 40 кунлик” доирасида вилоят бўйича 5,3 минг гектар ер майдонида экиладиган кўчатлар иқлим шароити ва Фанлар Академияси тавсиясидан келиб чиққан ҳолда танланиб, асосан, сувсизлик ва касалликка чидамли гужум, қайрағоч, катальпа, акация, заранг, шумтол, тут, жийда, ёнғоқ, терак кабилар экилиши белгиланган.
– Томди тумани вилоятнинг чўл ҳудуди саналиб бу ерда асосан сувсизликка чидамли буталар экиш мақсадга мувофиқ, – дейди туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Аъзам Азизов. – Шунинг учун Керегетов овул фуқаролар йиғини ҳудудида 15 гектар майдонга 15 минг донадан зиёд саксовул кўчатлари экилди. Бу умуммиллий лоҳиҳада туман Ёшлар ишлари агентлиги ва корхона ҳамда ташкилотларда меҳнат қилаётган 200 нафарга яқин ишчи-ходимлар ва ёшлар фаол иштирок этди.
Айни пайтда экиладиган кўчатлар манбалари аниқланган бўлиб, қарийб 5,3 миллион дона кўчатнинг 1,3 миллион донаси Ўрмон хўжалигидан, 3,9 миллион донаси 26 та фермер хўжалигидан, 85 минг донаси М.Мирзаев боғдорчилик ва узумчилик институти Навоий филиалидан, 10 минг донаси “Навоиййўлкўкалам” корхонасидан олинади. Шунингдек, заруратга кўра, Фарғона (“SSS BIG WORLD” МЧЖ) ва Қашқадарё (Китоб тумани Ўрмон хўжалиги) вилоятидан 2 миллион донага яқин кўчатлар шартнома асосида олиб келинади.
– Юртимизда давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида карманаликлар ҳам фаол иштирок этмоқда, – дейди Кармана тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Жамшид Мусаев. – Тумандаги “Малик” маҳалласи “Гулшан” қўрғонида 5 гектар ер майдонига 10 мингта тут ҳамда 5 мингта турли хил навдаги мевали кўчатлар экилди. Жорий йил якунига қадар туманда 925 мингта манзарали ва мевали дарахтлар экилиши режалаштирилган.
Бугун юртимиз бўйлаб давом этаётган мазкур умуммиллий лойиҳада ёшу қари бирдек фаол иштирок этмоқда.
– Президентимизнинг “Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим”, деган сўзлари маҳалладошларимизни бирдамликда дарахт экишга ундади, десам муболаға бўлмайди, – дейди “Малик” маҳалласи фаоли Низом Эшонқулов. – Кўчат экиш, дарахт ўстириш, табиатни асраб-авайлаш халқимизга хос эзгу қадриятлардан биридир. Мана бугун катта-ю кичик бир бўлиб, яхши ниятларда кўчатлар экиб, боғ яратаяпмиз.
– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бизнинг Нурота тумани “Амир Темур” маҳалласи ҳудудида 5,8 гектар ер майдонида “Яшил боғ” ташкил этилмоқда, – дейди маҳалласи раиси Ойбек Ҳошимов. – Мазкур ер майдонида бугунги кунда тик қудуқ қазиш ишлари бажарилиб, манзарали дарахт кўчатлари экиш ишлари давом этмоқда. Шу кунга қадар 1390 дона қайрағоч, 209 дона сафора, 1502 дона катальпа, 210 дона элдар қарағайи кўчатлари экилди. Шунингдек, ушбу “Яшил боғ” ҳудудини баландлиги 2 метр, узунлиги 1000 метр бўлган симли тўсиқлар билан ўраш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида кўчатларни харид қилиш учун 50,8 миллиард сўм, шундан 1,9 миллиард сўм маҳаллий бюджет ва 48,9 миллиард сўм ташкилотлар маблағи йўналтирилади. Шунингдек, 1,5 мингта кам таъминланган хонадонга 10 тупдан, жами 15 минг туп мевали кўчат тарқатилади.
– Жорий йилнинг 20 октябрь кунидан бошланган умуммиллий лойиҳада “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими, туман ва шаҳар бўлинмалари ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда, – дейди фонд вилоят бўлими раиси Фахриддин Солиев. – Шу кунга қадар жамоамиз билан 2000 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Лойиҳа доирасида маҳаллаларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари фонд томонидан боқувчисини йўқотган ва ёрдамга муҳтож “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар" рўйхатига кирган фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, уларга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари олиб берилмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, лойиҳа доирасида вилоятдаги мавжуд 11 та маиший чиқинди полигонининг атрофида дарахт ва бутазорлар барпо қилинади. Шунингдек, йирик саноат корхоналари атрофида 50 гектар ер майдонида 35 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар экилиб, “Яшил белбоғ” ташкил этилади. Айни пайтда кўчатларни экиш, суғориш ва парваришлаш учун 35 нафар агроном бириктирилган. Экиш ишлари якунлангандан сўнг кўчатлар электрон платформага киритилиб, масъулларга бириктириб берилади.
Манба: ЎзА