Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Очиқ мулоқот»дан буён бажарилган ишлар ва келгуси вазифалар муҳокама қилинди
2022-10-26 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида барпо этилган янги хирургия мажмуасини кўздан кечирди.
Бу ерда кардиожарроҳлик, трансплантология, нейро-қон томир жарроҳлиги ва реанимация бўлимлари фаолият юритади. Уларда йилига 3 минг нафаргача беморга юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатилади.
Шу ерда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йил 18 март куни давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан “очиқ мулоқот” ўтказган эди. Бугунги йиғилиш ўша мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.
Президентимиз сўзининг аввалида соҳада қилинган ишлар ва уларнинг моҳиятига тўхталиб ўтди. Жумладан, жорий йилда янги 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиника, мингта маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилган. Бу орқали 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилган.
Илғор хорижий тажрибалар асосида, аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматга бўлган эҳтиёж баланси ишлаб чиқилди. “Тиббиёт бригадалари”га қўшимча 3 минг 600 та педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди.
Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди. Бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми эса ўтган йилга нисбатан 3 баравар оширилди.
Шунингдек, 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига ташхис ускуналари етказиб берилди.
Оилавий поликлиникаларда 19 мингдан зиёд кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Бунинг натижасида 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди.
Шунингдек, 10 миллиондан зиёд 40 ёшдан ошган аҳолининг 70 фоизи кардиологик ва қандли диабет касаллигини эрта босқичда аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказилди.
Юқори технологик операцияга муҳтож 16 минг бемордан 3 минг 200 нафари вилоят ва туманларнинг ўзида даволанди.
Мамлакатимизда илк бор ордер тизими орқали 29 та хусусий шифохона билан шартнома имзоланди.
Тиббиёт ходимлари ойлиги 30 фоизгача оширилди. Шунингдек, шифокорларга иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ва устама тўловлари жорий этилди.
Умуман, жорий йилда тиббиётга 28 триллион сўм ажратилаяпти. Бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар кўпдир.
Йиғилишда ҳудудлардаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, 272 та маҳаллада тиббиёт пункти йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
“Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудлар рўйхати 297 тага етказилди.
Бу дастур асосида 191 нафар шифокор иш бошлади. Масалан, Мўйноққа Фарғона, Самарқанд ва Хоразмдан шифокорлар ишга борган. Лекин, узоқ қишлоқларда яна 171 та бўш ўрнини тўлдириш зарур.
Хавф гуруҳига кирувчи 40 ёшдан ошган аҳолини скринингдан ўтказиш айрим ҳудудларда суст бажарилган.
Бирламчи бўғиндаги долзарб муаммолардан яна бири бу – оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи. Юртимизда 2010 йилгача йиллик туғилиш 600 минг атрофида бўлган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 950 мингдан ошган. Шу боис туғруқ ўринлари сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шу йил 16 июнда «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» Президент қарори қабул қилинган эди. Бу орқали тез тиббий ёрдамда чақирувга етиб бориш вақти 3 баробарга, харажатлар 25 фоизга қисқариши режа қилинган. Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарёда бу янги тизим ишга туширилмоқда.
Лекин қолган вилоятларда қурилиш ишлари бошланмаган.
Республика эндокринология, кардиология ва хирургия марказларининг ҳудудлардаги иши қониқарли эмаслиги қайд этилди. Шу боис, 23 та ихтисослашган марказ, вилоят ва вазирлик ўртасида уч томонлама шартнома тузиш таклифи илгари сурилди. Бунда марказлар ҳудудларда касалликларни эрта аниқлаш, юқори технологик даволаш ва уларни камайтириш бўйича, вилоят ҳокимлари шифохоноларини юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш бўйича, вазирлик эса ҳудудларда яхши натижа қилган шифокор ва марказ раҳбарларини рағбатлантириш бўйича мажбурият олади.
Тиббиёт муассасаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш борасидаги сусткашликлар ҳам қайд этилди.
Йиғилишда шу каби камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳокимлар ва соҳа мутасаддиларининг ахбороти эшитилди.
Ихтисослашган марказлар раҳбарлари ва шифокорлар касалликларнинг олдини олиш, даволаш сифатини ошириш бўйича таклифлар билдирди.
Булардан келиб чиқиб, Президентимиз мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигига тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Бу йил 300 та маҳаллада тиббиёт пунктлари, келгуси йил 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар ташкил этиб, уларни жиҳозлаш вазифаси қўйилди.
Туғруқ ўринларини босқичма-босқич кўпайтириш, мавжудларининг шароитини яхшилаш, туғма нуқсонларнинг олдини олиш, оналарни фойдали дори воситалари билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ихтисослашган марказларда янги юқори технологик даволаш усуллари жорий этилиши, 640 та тез ёрдам машинаси харид қилиниши айтилди.
Вазирлар Маҳкамасига ҳамшираларни ўқитиш ва малакасини ошириш, меҳнатини рағбатлантириш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш масалаларини қамраб олган қарор лойиҳасини тайёрлашга топшириқ берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти